БМТ Исроил жиноятлари бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди

20.02.2026 | 21:202 дақиқа

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Исроилни очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланишда айблади.

БМТ Исроил жиноятлари бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси Ғазо сектори ва босиб олинган Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида Исроил томонидан этник тозалаш ишлари амалга оширилаётгани ҳақида хабар берди.

Ғазода этник тозалаш ва очлик сиёсати

Женевада 19 феврал, пайшанба куни тақдим этилган ҳисоботда қайд этилишича, тез-тез амалга оширилаётган ҳужумлар ва мажбурий кўчиришлар, «фаластинликларни босиб олинган ҳудудлардан қайтмас қилиб ҳайдаб чиқаришга қаратилган».

Ҳужжат 2024 йил 1 ноябрдан 2025 йил 31 октябргача бўлган даврни ўз ичига олади. Исроилга нисбатан инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш, жумладан, бутун бошли шаҳар маҳаллаларини тизимли равишда вайрон қилиш ва гуманитар ёрдамни тўсиб қўйиш орқали Ғазо секторида демографик ўзгаришларга эришишга уриниш айбловлари қўйилмоқда.

Ҳисобот муаллифлари очлик оқибатида 460 га яқин фаластинлик ҳалок бўлганини қайд этишган, уларнинг учдан бир қисми болалардир. Ҳужжатда таъкидланишича, аҳолига қарши уруш олиб бориш усули сифатида очликдан фойдаланиш — ҳарбий жиноят, айрим шартлар бажарилганда эса инсониятга қарши жиноят сифатида ҳам баҳоланиши мумкин.

Жазосизлик муҳити

БМТ ҳисоботида айтилишича, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги вазият Исроил армияси томонидан кучнинг «тизимли ва ноқонуний равишда ишлатиши» билан тавсифланади, бу эса ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қийноқлар орқали намоён бўлмоқда. Шунингдек, Фаластин маъмурияти томонидан кучнинг асоссиз қўлланилиши ҳолатлари ҳам танқид остига олинган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк Исроил суд тизими амалдорлар ҳамда яҳудий кўчманчиларни қонунбузарликлар учун жавобгарликка тортмаётгани шароитида «жазосизлик муҳити» мавжудлигини таъкидлади.

«Жазосизлик шунчаки мавҳум тушунча эмас, у инсонлар ҳаёти эвазига содир бўлмоқда», — дея таъкидлади Турк ва жавобгарликни адолатли тинчлик учун зарур шарт деб атади.

Исроилга қурол етказиб беришга эмбарго қўйиш чақириғи

БМТ Исроилни фаластин ҳудудларидаги ноқонуний мавжудлигига «имкон қадар тезроқ» чек қўйишга чақирди. Халқаро ҳамжамиятга Исроилга қурол сотишни тўхтатиш тавсия этилди, чунки ушбу қуроллар «халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини бузувчи ҳаракатлар учун ишлатилмоқда».

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Ғазо секторини қайта тиклаш ва тинчликни таъминлаш учун, жабрланувчилар учун адолат қарор топиши, фаластинликлар эса давлат тузилмаларини бошқаришга зудлик билан жалб этилиши лозим.

Исроил айбловларни рад этди

Исроил ушбу айбловларни рад этиб, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини анчадан буён холис эмас деб ҳисоблашини билдирди. Мамлакатнинг Женевадаги ваколатхонаси баёнотида даъво қилинишича, «Олий комиссар бошқармаси Исроил Давлатига қарши дезинформация кампаниясини олиб бормоқда».

Теглар

Мавзуга оид