Logo

Боғчада зўравонлик қилган тарбиячиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди — Болалар омбудсмани

Бугун 16:552 дақиқа

Тошкентдаги хусусий боғчада болаларга нисбатан зўравонлик ҳолати ортидан Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Vaqt.uz'га изоҳ берди. У ҳодиса Омбудсман назоратига олингани, тарбиячиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда бундай шахсларнинг келгусида болалар билан ишлашини чеклашга қаратилган қонун лойиҳаси Сенатда кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Боғчада зўравонлик қилган тарбиячиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди — Болалар омбудсмани © Kollaj

Vaqt.uz аввалроқ Тошкентдаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячилар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик қилингани акс этган видеолар ҳақида хабар берган эди. Ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова таҳририятга изоҳ берди.

Унинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги мактабгача таълим муассасасида тарбиячининг вояга етмаган болага нисбатан жисмоний куч ишлатгани акс этган видеолар Омбудсман назоратига олинган. Тарбиячиларга Ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур модда шахсни мунтазам равишда дўппослаш ёки бошқа ҳаракатлар орқали қийнаш учун жавобгарликни назарда тутади. Агар жиноят вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, айбдор 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

«Болага нисбатан зўравонликнинг ҳар бир ҳолати қонун доирасида қатъий баҳоланиши лозим. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Болалар омбудсмани ўз кузатувини давом эттиради», — деди Сурайё Раҳмонова.

Омбудсман, шунингдек, педагог ва тарбиячиларни ишга қабул қилишдан аввал уларнинг болалар билан ишлашга психологик ҳамда эмоционал тайёргарлигини баҳоловчи махсус кўрикларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.

«Педагог ва тарбиячиларни ишга қабул қилишдан олдин уларнинг болалар билан ишлашга психологик ва эмоционал жиҳатдан тайёрлиги, руҳий барқарорлигини баҳоловчи текширувлар болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда муҳим превентив чора бўлиб хизмат қилади», — дейди у.

Раҳмонова Vaqt.uz билан суҳбат давомида Болалар омбудсмани Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда болаларга нисбатан зўравонлик содир этган педагог ва тарбиячиларнинг келгусида болалар билан ишлашини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган бўлиб, айни пайтда Сенат муҳокамасига қўйилган. Унга кўра, педагогик фаолияти давомида болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Воқеа тафсилотлари

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги «Rayyan Kids» хусусий боғчасида тарбиячилар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик қилингани акс этган видеолар тарқалган эди. Лавҳаларда тарбиячининг боланинг оғзига латта тиқиши, боланинг қўли эшикка қисилиб қолганига қарамай ёрдам кўрсатилмагани ҳамда бошқа бир болага сабабсиз жисмоний тазйиқ ўтказилгани тасвирланган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вазият юзасидан ишчи гуруҳ тузилганини, айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши ҳамда зарур бўлса, муассаса лицензияси бекор қилиниши мумкинлигини маълум қилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Боғчада зўравонлик қилган тарбиячиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди — Болалар омбудсмани | Vaqt.uz