Болалар омбудсмани электр объектларида хавфсизлик чораларини кучайтиришни талаб қилди

Бугун 16:382 дақиқа

Болаларнинг трансформаторларда ток уриши билан боғлиқ фожиали ҳолатлари ортидан Болалар омбудсмани ваколатли давлат органига таъсир ҳужжати киритди.

Болалар омбудсмани электр объектларида хавфсизлик чораларини кучайтиришни талаб қилди © «Xorazm HETK» AJ Matbuot xizmati

Ўзбекистонда юқори кучланишли электр объектлари билан боғлиқ болалар хавфсизлиги яна жиддий муҳокама мавзусига айланди. Сўнгги ойларда трансформатор пунктларида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар бир нечта болаларнинг ҳалок бўлиши ёки оғир жароҳат олишига сабаб бўлди. Шу муносабат билан Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова тегишли давлат органларига таъсир ҳужжати киритди.

Маълум қилинишича, 5 май куни Наманган вилоятининг Давлатобод туманида 13 ёшли бола атрофи очиқ ҳолатда қолдирилган трансформатор устига чиқиб кетган. Ҳодиса оқибатида уни ток уриб, бола вафот этган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани баёнотида юқори кучланишли электр қурилмалари аҳоли, айниқса болалар учун хавфсиз бўлиши шартлиги таъкидланган. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар томонидан хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиниши лозимлиги қайд этилган.

Шу туфайли республиканинг барча ҳудудларида юқоридаги фожиали ҳолатларни олдини олиш мақсадида бола хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган стандартларга риоя этишни назорат қилиш ва зарур чораларни кўриш юзасидан ваколатли давлат органига таъсир ҳужжати киритилган.

Фожиалар қайта такрорланмоқда

Аввалроқ Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида 4 ёшли бола очиқ қолдирилган трансформатор ичига кириб кетиши оқибатида икки қўлидан айрилган эди. Суд ва тергов органлари бу ҳолатда масъул шахсларнинг айби мавжудлигини аниқлаган.

Шунингдек, феврал ойида Фарғона шаҳрида хусусий боғча ҳудудида очиқ қолдирилган трансформатор сабабли 6 ёшли бола оғир тан жароҳати олган. Бу ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилган. 2024 йил ноябр ойида эса Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида мактаб ўқувчиси ток уриши оқибатида ҳалок бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам тегишли идоранинг масъул шахслари жазоланган.

Теглар

Мавзуга оид