Болаларга автомобилни бошқаришга рухсат берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Президент ҳузурида айрим фуқаролар томонидан вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилаётгани, бу эса йўлларда ўлим ва жиддий жароҳат олиш ҳолатларига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
© Foto: t.me/YHXX_UZПрезидент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган тақдимотда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда айрим фуқаролар томонидан вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилаётгани қайд этилди. Таъкидланишича, бундай ҳолатлар йўлларда ўлим ва жиддий жароҳат олиш билан боғлиқ ҳодисаларга сабаб бўлмоқда.
Муҳокамалар давомида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ва оғир оқибатли аварияларнинг олдини олиш учун янгича ёндашувлар зарурлиги таъкидланди.
Йўлларда хавфсизлик
Тақдимотда бунинг учун жавобгарлик чораларини кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ҳукумат даражасида йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Президент мазкур таклифларни маъқуллади ва инсон ҳаёти ҳамда хавфсизлигини таъминлаш бўйича чораларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан масъул идораларга тегишли топшириқлар берилди.





