Logo

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида хабар бериш учун ишонч телефони ишга туширилди

Бугун 16:151 дақиқа

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида аноним хабар бериш имкони яратилди. Мурожаатлар 1246 қисқа рақами орқали қабул қилинади.

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида хабар бериш учун ишонч телефони ишга туширилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун 1246 қисқа рақамли ишонч телефонини ишга туширди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълум қилди.

Энди фуқаролар 1246 рақами орқали болаларга нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида аноним тарзда хабар бериши мумкин. Агентлик мурожаат қилувчиларнинг шахси тўлиқ сир сақланишини кафолатлашини билдирди.

Қандай ҳолатлар қабул қилинади?

Ишонч телефони орқали қуйидаги ҳолатлар ҳақида хабар бериш мумкин:

— болага нисбатан жисмоний, руҳий ёки жинсий зўравонлик;

— бепарволик ва шафқатсиз муносабат;

— боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирувчи бошқа ҳар қандай вазиятлар.

Агентликнинг таъкидлашича, ҳозирда cалл-марказ тест режимида фаолият юритмоқда.

Болалар хавфсизлиги

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фуқароларни болалар ҳуқуқлари бузилишига бефарқ бўлмасликка чақирди.

«Ҳар бир бола хавфсиз ва меҳрга тўла муҳитда улғайиш ҳуқуқига эга. Агар сиз болага нисбатан зўравонлик, бепарволик ёки унинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз, бу ҳақда албатта хабар беринг.», — дейилади агентлик мурожаатида.

Теглар

Мавзуга оид