Logo

Болаларга зўравонлик қилган педагоглар жазоланади

Бугун 15:042 дақиқа

Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун маъқулланди.

Болаларга зўравонлик қилган педагоглар жазоланади © sputnik

Сенатнинг 17-ялпи мажлисида «Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди.

Қонун билан 6 та кодекс ва 13 та қонунга ўзгартириш киритилиши назарда тутилган. Асосий янгиликлардан бири — таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Хусусан, таълим ва тарбия жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш, болани камситиш, хўрлаш ёки таҳқирлаш каби ҳаракатлар учун жавобгарлик чоралари қўлланилади. Бу нормалар болаларнинг таълим муҳитидаги хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган.

Педагогларга чеклов киритилади

Янги тартибга кўра, педагогик фаолият давомида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этиб, маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларга чеклов белгиланади.

Бундай шахслар бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғуллана олмайди.

Шунингдек, қонун билан давлат ёки нодавлат муассасасининг тўлиқ таъминотида бўлган болалар учун ҳам ота ёки онани алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилишга йўл қўйилмайди. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга бериш тартиби ҳам ўзгармоқда.

Болалар ҳимояси кучайтирилади

Янги қоидаларга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар фақат уларнинг қариндошлари оиласига тарбияга берилиши белгиланмоқда.

Сенаторларга кўра, ушбу қонун болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида уларнинг қадр-қиммати ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий кафолатларни кучайтиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги хусусий боғчада болаларга нисбатан зўравонлик қилингани аниқланганди.

Теглар

Мавзуга оид

Болаларга зўравонлик қилган педагоглар жазоланади | Vaqt.uz