Logo

«Бой бериладиган ўн йиллик»: Жаҳон банки глобал иқтисодиёт учун «хунук сценарий»ни эълон қилди

Глобал иқтисодий ўсиш пандемиядан кейинги энг паст даражага тушиши мумкин.

«Бой бериладиган ўн йиллик»: Жаҳон банки глобал иқтисодиёт учун «хунук сценарий»ни эълон қилди

Жаҳон банкининг «Глобал иқтисодий истиқболлар» ҳисоботига кўра, 2026 йилда жаҳон иқтисодиёти ўсиши 2,5 фоизни ташкил этади. Бу Ковид-19 пандемияси давридан буён қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Банк дунё мамлакатларининг учдан икки қисми учун иқтисодий ўсиш прогнозларини пасайтирган.

Глобал ўсиш суръати секинлашмоқда

Ҳисоботда таъкидланишича, Эрон атрофидаги ҳарбий можаро ва Ҳўрмуз бўғозидаги узилишлар глобал иқтисодиётга босимни кучайтирмоқда. Нефт ва хомашё таъминотидаги муаммолар инфляцияни янада юқори даражага олиб чиқиши мумкин.

Жаҳон банки 2026 йилда глобал инфляция 4 фоизгача кўтарилишини кутмоқда. Бу ўтган йилги 3,3 фоизлик кўрсаткичдан анча юқори.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ҳўрмуз бўғозидаги узилишлар нафақат энергия бозорига, балки қишлоқ хўжалигига ҳам таъсир қилмоқда.

Кўрфаз давлатларидан ўғит ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё етказиб беришдаги муаммолар туфайли жорий йилда ўғит нархлари ўртача 38 фоизга қимматлашиши кутилмоқда.

«Бой бериладиган ўн йиллик»

Жаҳон банкининг таъкидлашича, ушбу навбатдаги зарбадан сўнг, ривожланаётган давлатлар (Ҳиндистон ва Хитойдан ташқари) ривожланган иқтисодиётлар билан ўртадаги фарқни қисқартира олмай, яна бир ўн йилликни йўқотади.

Банк баҳосига кўра, 2020-йиллар кўплаб мамлакатлар учун «бой берилган ўн йиллик»ка айланиши мумкин.

Янада ёмон сценарий

Сўнгги кунларда АҚШ ва Эрон ўртасидаги оташкесим тобора мўртлашиб бораётганини ҳисобга олиб, банк иқтисодий истиқболлар янада ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Ҳарбий ҳаракатларнинг қайта авж олиши ёки товарлар етказиб беришдаги узилишларнинг чўзилиши хомашё нархларини янада ошириши, инфляция босими ва озиқ-овқат танқислигини кучайтириши, шунингдек, молиявий қийинчиликларни келтириб чиқариб, иқтисодий ўсишни секинлаштириши мумкин», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, бундай ёмон сценарий юз берса, глобал ўсиш бор-йўғи 1,3 фоизга тушиб кетиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид