Бюджетдаги тафовут: қайси ҳудуд кўпроқ маблағ олмоқда?

Бугун 19:292 дақиқа

2025 йилда маҳаллий бюджетда харажатлар даромадларга нисбатан тезроқ ўсди, айрим вилоятларда эса харажатларнинг ярмидан кўпи марказ ҳисобидан қопланмоқда.

Бюджетдаги тафовут: қайси ҳудуд кўпроқ маблағ олмоқда?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун ҳудудлар кесимида маҳаллий бюджет кўрсаткичларини эълон қилди. Унга кўра, маҳаллий бюджет даромадлари 2024 йилдаги 57 трлн сўмдан 2025 йилда 71 трлн сўмга етган. Бу қарийб 25 фоизлик ўсишни англатади.

Харажатлар эса янада тезроқ ўсган. 2024 йилда 86,8 трлн сўм бўлган маҳаллий бюджет харажатлари 2025 йилда 109,2 трлн сўмгача ошган, бу эса қарийб 26 фоизлик ўсишдир.

Ўзаро ҳисоб-китоб ва трансфертлар ҳам сезиларли кўпайган. Ушбу кўрсаткич 29,8 трлн сўмдан 37,9 трлн сўмга етган бўлиб, маҳаллий бюджетлар харажатларининг қарийб 35 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳолат ҳудудлар ўртасида молиявий номутаносиблик сақланиб қолаётганини кўрсатади.

r

Марказга боғлиқлик: қайси ҳудудлар етакчи?

Ҳудудлар кесимида энг юқори трансферт улуши Сирдарё вилоятида қайд этилди. Бу ерда маҳаллий бюджет харажатларининг 56 фоиздан ортиғи марказ маблағлари ҳисобига қопланган. Мутлақ рақамларда бу қарийб 2,5 трлн сўмни ташкил этади.

Шу билан бирга, мазкур ҳудудда йирик иқтисодий ёки инфратузилмавий лойиҳалар фаол намоён бўлаётгани кузатилмаяпти. Фақат 2024 йилда Сайхунобод тажрибаси тилга олинган эди.

Ким энг кўп маблағ олди?

Трансфертлар ҳажми бўйича мутлақ кўрсаткичда Фарғона вилояти етакчилик қилмоқда. Ушбу ҳудуд 4,4 трлн сўм миқдорида марказий маблағларни жалб этган.

Айни пайтда иқтисодий жиҳатдан кучли ҳудудларда тескари тенденция кузатилди. Хусусан, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Навоий вилоятида трансферт ва ҳисоб-китоблар ҳажми 2024 йилга нисбатан камайган. Бу уларнинг ўз даромад базаси мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

Пул қаерга сарфланяпти?

Маҳаллий бюджет харажатларининг асосий қисми ижтимоий соҳага тўғри келмоқда. 2025 йилда ушбу йўналишга 61,5 трлн сўм ажратилган бўлиб, 18,4 фоиз ўсиш қайд этилган.

Инфратузилмани ривожлантириш харажатлари эса 10,2 трлн сўмдан 16,5 трлн сўмгача ошиб, энг юқори — 62,3 фоизлик ўсишни кўрсатган.

Иқтисодиёт харажатлари 13,2 трлн сўмга етган, давлат бошқаруви ва суд органлари учун 10,9 трлн сўм ажратилган. Захира жамғармалари 0,9 трлн сўмгача қисқарган, бошқа харажатлар эса 6,2 трлн сўмгача ошган.

Теглар

Мавзуга оид