
«Бундан буён тўнтаришларни фақат тушингизда кўрасиз» — Қирғизистон президенти
Садир Жапаров давлат энди заиф эмаслигини таъкидлаб, мамлакатда тўнтаришлар даври тугаганини айтди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 9 ноябр куни халққа йўллаган мурожаатида мамлакатда сиёсий барқарорликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, энди тўнтаришлар ёки сиёсий беқарорлик учун ҳукумат ҳеч қандай сабаб қолдирмайди.
Жапаров айрим «ёмон ниятли гуруҳлар» муаммоларни атайлаб бўрттириб кўрсатаётгани, аҳолини норозиликка чорлаб, сайловлар вақтида беқарорлик яратиб, «нимадир содир бўлишига» умид қилаётганликларини билдирди.
«Улар орасида илгари коррупция ишлари бўйича жазога тортилганлар, яширин схемалари бузилганлар ва шахсий манфаатларидан айрилганлар бор. Улар гўёки жамият манфаати учун эмас, балки шахсий ғазаби билан ҳаракат қилмоқда», — деди президент.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қирғизистон энди илгаригидек заиф давлат эмас. «Биринчидан, биз тўнтариш учун сабаб бермаймиз. Иккинчидан, давлатимиз эндиликда кучли. Учинчидан, халқ кимни қўллаб-қувватлашни ва ким ҳокимиятда бўлиши кераклигини яхши билади. Бундан буён тўнтаришларни фақат тушингизда кўрасиз», — дея таъкидлади у.
Мурожаат давомида Жапаров коррупцияга қарши кураш борасидаги чораларни ҳам тилга олди. Унга кўра, Қирғизистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини ёки бошқа ҳужжатларни пора эвазига олиш амалиётига барҳам берилган. «Гувоҳнома фақат билим, меҳнат ва ҳалоллик билан қўлга киритилади. Бу янги давлат сиёсати бўлади», — деди у.
Жапаров ўз сўзини халққа мурожаат билан якунлаб, тинчлик ва адолатни сақлаш ҳар бир фуқаро бурчи эканини таъкидлади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Қирғизистон мустақиллик йилларида уч марта давлат тўнтаришини бошдан кечирган. 2005 йили мамлакатнинг илк президенти Асқар Акаев, 2010 йили иккинчи президент Қурманбек Бакиев ва 2020 йили бешинчи президент Сооронбай Жеенбеков ҳокимиятдан четлатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда хусусий автомактаблар фаолияти тўхтатилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





