Бухорода 38 млрд сўмлик заргарлик кластери очилди

20.02.2026 | 16:151 дақиқа

Янги марказ йилига 300 кг маҳсулот ишлаб чиқариши режалаштирилган.

Бухорода 38 млрд сўмлик заргарлик кластери очилди

Бухоро шаҳрида заргарлик саноатини ривожлантиришга қаратилган 38 млрд сўмлик Бухоро заргарлик кластери расман иш бошлади. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, кластер Президентнинг 2024 йил 23 июлдаги фармони ижроси доирасида амалга оширилган. Фармонда 2024–2026 йилларда «Milliy bank» иштирокида ҳудудларда замонавий заргарлик марказларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 сентябрдаги қарори асосида марказ Бухоро шаҳри Ислом Каримов кўчасидаги бинода жойлаштирилган. Лойиҳада «NBU Jewelry Group» МЧЖ ва туркиялик инвесторлар иштирок этди.

Марказ йилига 300 килограммгача заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Унда 100 нафар янги иш ўрни яратилган. Йиллик солиқ тушумлари 2,5 млрд сўмга етиши кутилмоқда.

Замонавий инфратузилма

Бино 2024 йил декабрда аукцион орқали харид қилинган ва капитал таъмирдан чиқарилган. Ишлаб чиқариш жараёни учун замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилиб, тўлиқ ишга тайёр ҳолатга келтирилган.

«Бухоро заргарлик кластери қадимий ҳунармандчилик анъаналари ва замонавий технологиялар уйғунлигининг ёрқин намунаси бўлиб, у ҳудуд саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид