
CAREC форуми: Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатлари янги босқичда
Бишкекдаги форумда Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси ва транспорт лойиҳалари юзасидан янги стратегик келишувларга эришди.
© Foto: Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Бишкек шаҳридаги CAREC бизнес-форуми доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Бақит Сидиқов билан учрашди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14,7 фоизга ошганини қайд этиб, 2025 йилнинг 9 ойи якунига кўра кўрсаткич 672,8 млн АҚШ долларига етганини маълум қилди. 2024 йил якунида бу кўрсаткич 846,1 млн долларни ташкил этган.

Foto: Vaqtuz tahririyati
Мулоқотда саноат кооперацияси дастури ва стратегик ташаббуслар рўйхатини шакллантиришга келишилди. Шунга қўшимча равишда, икки мамлакат раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтадиган учрашуви олдидан сиёсий-иқтисодий позицияларни мувофиқлаштиришга тайёрлик билдирилди. Ҳукуматлараро комиссия фаолияти, мintaқавий алоқалар ва логистика инфратузилмасидан самарали фойдаланиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Қўшма саноат лойиҳалари, Ўзбекистон–Қирғизистон инвестиция фонди, Қирғизистонда автотехника ишлаб чиқариш, энергетика ҳамкорлиги ва транспорт йўналишларини ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Шу билан бирга, CAREC майдонидаги ҳамкорлик истиқболлари кенг муҳокама қилинди.
Лазиз Қудратов CARECнинг 24-Вазирлар конференциясида қатнашиб, минтақавий савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади. У CARTIF музокараларини бошлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Конференцияда Ўзбекистон томони рақамли инфратузилма, транспорт занжирларини модернизация қилиш ва иқлим хавфларига тайёрлик бўйича таклифларини илгари сурди.
Йиғилиш якунида CAREC мамлакатларида электрон ҳужжатлар алмашинуви ва сертификатларни ўзаро тан олишга оид англашув меморандуми, шунингдек, инновациялар ва венчур сармоялар фондини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди. Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг минтақавий шерикчиликка содиқ эканини яна бир бор тасдиқлайди.





