«Чегара билмас шифокорлар»: сулҳ Ғазодаги фалокатни бартараф этмади

24.10.2025 | 21:002 дақиқа

Ташкилот маълум қилишича, сулҳга қарамасдан, Ғазода касалликлар, сув танқислиги ва антисанитария ҳолати сақланиб қолмоқда. Исроил блокадаси эса инсонпарварлик ёрдамини етказишга тўсқинлик қиляпти.

«Чегара билмас шифокорлар»: сулҳ Ғазодаги фалокатни бартараф этмади

«Чегара билмас шифокорлар» (ЧБШ) ташкилоти ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганига қарамай, Ғазодаги гуманитар вазият кескинлигича қолаётганини маълум қилди.

Ташкилот баёнотида айтилишича, миллионлаб аҳоли ҳали ҳам оғир турмуш шароитига дуч келмоқда. Ўта хавфли шароит сақланиб қолаётган сектор жанубидаги кичик бир ҳудудда бир миллиондан ортиқ одам тирикчилик қилишга мажбур.

«Ўт очиш тўхтатилганига қарамай, Ғазодаги оғир турмуш шароити одамлар саломатлигига зарар етказишда давом этмоқда», - дея таъкидлади ташкилот.

ЧБШ Исроил армияси томонидан фуқаролик инфратузилмаси ва соғлиқни сақлаш тизимининг вайрон қилиниши касалликларнинг тарқалишига замин яратганини таъкидлади.

«Исроил ҳукумати Ғазога гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етказилишига зудлик билан рухсат бериши керак. Сулҳга қарамай, Ғазо аҳолиси азоб чекишда давом этмоқда, чунки Исроил томонидан олиб борилган икки йиллик геноцид кампанияси қиш яқинлашиши билан уларни жароҳатлади, ярадор қилди ва ҳаётларини хавф остига қўйди», - дейилади баёнотда.

Ташкилот сув, санитария, уй-жой ва озиқ-овқат таъминотини яхшилаш бўйича шошилинч чоралар кўрилмаса, қурбонлар сони ўсишда давом этиши ҳақида огоҳлантирди.

Ғазодаги ЧШБ фавқулодда вазиятлар координаторининг маълум қилишича, бир неча бор уйларини тарк этишга мажбур бўлган оилалар қўлбола чодирларда ва мактабларда яшамоқда.

«Одамлар очиқ осмон остида вайроналар, ахлат, гўнг ва оқава сувлар орасида ухлайди. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», - деди у.

ЧШБ тиббий координатори Ади Надимпалланинг таъкидлашича, тўйиб овқатланмаслик, антисанитария ва оғир турмуш шароити одамлар саломатлигига ҳалокатли зарба бермоқда.

«Ғазо аҳолиси, айниқса, болалар яшаш шароити туфайли касал бўлмоқда», - деди у.

Теглар

Мавзуга оид