Logo

Cobalt учун фоизсиз автокредит очилди. Энди нарх нима бўлади?

Бугун 18:163 дақиқа

2026 йилда сотуви кескин қулаган Cobalt учун 0 фоизли автокредит таклиф қилинмоқда. Унинг сотуви бу йил қарийб 40 фоизга тушиб кетди. Автомобиль ишлаб чиқарилганидан икки баробар камроқ сотилмоқда. Фоизсиз бўлиб тўлаш энди иккиламчи бозордаги нархларга ҳам таъсир қилади.

Cobalt учун фоизсиз автокредит очилди. Энди нарх нима бўлади?

UzAuto Motors Chevrolet Cobalt автомобилларини 0 фоизли муддатли тўлов билан сотиб олиш имконияти яратилганини эълон қилди.

Автокредит муддати 12 ойдан 60 ойгача бўлиб, 65 фоиз бошланғич тўлов қилинганда 0 фоизли муддатли тўловдан фойдаланиш мумкин бўлади.

UzAuto Motors автокредит дастлаб «Ипотекабанк» билан ҳамкорликда тақдим қилинаётганини маълум қилди. Шартлар қуйидагича:

50 фоиз бошланғич тўлов — 5 фоиздан 15,5 фоизгача
60 фоиз бошланғич тўлов — 1 фоиздан 13,5 фоизгача
65 фоиз бошланғич тўлов — 0 фоиз (фоизсиз бўлиб тўлаш)

Фоиз ставкаси танланган тўлов муддати ва молиялаштириш шартларига қараб банк томонидан белгиланиши айтилган.

Cobalt сотуви кескин пасайган

UzAuto Motors ўз-ўзидан банк билан ҳамкорликда фоизсиз автокредит тақдим қилишни бошлагани йўқ. Cobalt сотувлари сезиларли пасайиб кетган.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда 40 936 та бу русумдаги автомобиль сотилган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан деярли 40 фоизга камроқ.

Шунга қарамай, январь—май ойларида Cobalt ишлаб чиқариш кўрсаткичи 17,7 фоизга кўпайиб, 69 мингтадан ошган.

Январь—май ойларида 35,4 мингтадан ошиқ автомобиль сотилган эди. Демак, бу Cobalt ишлаб чиқарилганига нисбатан деярли икки баробар камроқ сотилаётганини кўрсатади.

Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳада ҳам эски русумдаги автомобиль эгалари учун Cobalt’ни 7 йилга фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти яратилаётгани маълум қилинганди.

Ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган эски автомобиль эгалари транспорт воситасини утилизацияга топшириб, эвазига нақд пул ёки махсус ваучер олиши мумкин.

Бу ваучердан янги автомобиль харидида бошланғич тўлов сифатида фойдаланилади. Мисол сифатида 165 млн сўмлик Cobalt автомобили келтирилган.

Агар утилизацияга топширилган эски автомобиль 5 млн сўмга баҳоланса, харидор қолган 160 млн сўмни 7 йил давомида фоизсиз, ойига қарийб 1,9 млн сўмдан тўлаб боради.

Агар эски автомобильнинг баҳоси 70 млн сўм этиб белгиланса, унда ойлик тўлов миқдори тахминан 1,13 млн сўмгача камаяди.

Нега сотув тушиб кетди?

Бунга бозорда ўрта сегментдаги автомобиллар таклифи кўпайгани сабаб бўлмоқда. Одамлар учун Cobalt аввалгидек ягона вариант эмас.

Ҳозирда Ўзбекистонда BYD, KIA, Chery ва Haval каби брендлар остида автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Уларнинг аксарияти Cobalt’дан қимматроқ бўлган моделлари учун фоизсиз бўлиб тўлаш каби жозибадор таклифлар билан сотувни доимий ошириб келяпти.

Мамлакатда электромобиллар учун инфратузилманинг яхшиланиб бораётгани ҳам Chevrolet бренди остидаги автомобиллар, айниқса Cobalt сотувига жиддий таъсир қилмоқда.

Сўнгги пайтларда электромобиллар импорти, уларнинг сотуви ва бозордаги таклифлар бўйича кўрсаткичлари барқарор равишда ўсиб бормоқда.

Энди нархлар нима бўлади?

UzAuto Motors ҳозирда Cobalt Style русумини 156,1 млн сўм, Cobalt Midnight русумини 165,2 млн сўм нархда сотувга қўйган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, апрель ойида иккиламчи бозорда кам фойдаланилган Cobalt нархи ўртача 12 900 доллар атрофида бўлган. Бу деярли янги автомобиль нархига тенг.

Ўртача ва кўп фойдаланилган Cobalt нархи эса 11 500—12 000 доллар оралиғида шаклланмоқда. Фоизсиз автокредитнинг пайдо бўлиши минилган автомобиллар нархини пасайтириб юбориши кутилмоқда.

Буни мисол тариқасида кўриб чиқиш мумкин. Аввал 140 млн сўмлик эски Cobalt автомобилини сотиб олиши мумкин бўлган харидор энди 65 фоиз бошланғич тўлов (107 млн сўм) билан энг охирги моделдаги янги Cobalt харид қилиш имкониятига эга.

Кўпчилик бундай ҳолатда эски автомобиль ўрнига янгисини танлаши мумкин. Натижада Cobalt нархи 10 000 долларлик оралиққа тушиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.

Бозордаги бу ўзгариш фақат Cobalt нархига эмас, иккиламчи бозорда шу сегментдаги бошқа автомобиллар нархига ҳам таъсир қилиши кутилмоқда.

Бироқ шундай шартларда ҳам Cobalt сотувини аввалги йиллардаги каби юқори даражага қайтишини кутиб бўлмайди. Рақамлар Chevrolet’нинг Ўзбекистон бозоридаги улушини аста-секинлик билан йўқотиб бораётганини кўрсатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид