Coca-Cola ёки Pepsi: Ўзбекистонда ким кўпроқ солиқ тўлайди?

2025-йилда Coca-Cola ва Pepsi ичимликларини ишлаб чиқарувчи компаниялар Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилар қаторига кирди.

Coca-Cola ёки Pepsi: Ўзбекистонда ким кўпроқ солиқ тўлайди?

Ўзбекистонда Coca-Cola ва Pepsi брендини ишлаб чиқарувчи компаниялар ўз соҳасида энг кўп солиқ тўловчи 10 та корхона қаторида жой олди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар бермоқда.

Ишлаб чиқарувчи компаниялар 2025-йил давомида умумий 120,3 трлн сўм солиқ тўлаган. Бунда уларнинг товар айланмаси 918,3 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, 44,2 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари олинган.

Coca-Cola, Fanta ва Sprite каби ичимлик брендларига эгалик қилувчи «Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan» МЧЖ ўтган йили 1,1 трлн сўм солиқ тўлаган. Таққослаш учун, компаниянинг 2024 йилдаги солиқлари 634,2 млрд сўмни ташкил қилган.

«International Beverages Tashkent» МЧЖ эса 2024-йилда 342,8 млрд сўм солиқ тўлаган эди. 2025-йилда компания солиқ тўловлари 256 млрд сўмга ёки 75 фоизга ошиб, 599 млрд сўмга етди.

«International Beverages Tashkent» — Pepsi, Rockstar, Mirinda, 7Up, Lipton, Adrenaline Rush ва Mountain Dew ичимликларини ишлаб чиқаради.

Бу компаниянинг асосий эгаси Holten гуруҳи мамлакатдаги Baraka супермаркетлар ва Burger King фаст-фуд тармоқларига ҳам эгалик қилади. Pepsi эгаси Baraka Market’ни 2025 йил бошида сотиб олган эди.

Шу тариқа, Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги бизнеси анча каттароқ ҳисобланади. iHamkor.uz маълумотларига кўра, компания мамлакатдаги энг йирик 20 та солиқ тўловчидан бири. Тошкент шаҳри бўйича 13-ўринда туради.

Компаниянинг 2024-йилдаги фойдаси 805,5 млрд сўм бўлгани кўрсатилган. 2025-йил учун молиявий кўрсаткичлар ҳали маълум қилинмаган.

Pepsi брендига эгалик қилувчи «International Beverages Tashkent»нинг янги молиявий маълумотларини топиш имкони бўлмади. 2023-йилда компания 395 млрд сўм соф фойда олганди. Pepsi эгаси солиқ тўлаш бўйича Ўзбекистонда 34-ўринда туриши қайд этилган.

Бошқа ишлаб чиқарувчилар қандай солиқ тўламоқда?

NKMK ва OKMKдан ташқари энг йирик солиқ тўловчи ўтган йил давомида Ўзбекнефтгаз бўлди — 3,8 трлн сўм. Кучли учликни Uzbat (3 трлн сўм) ва UzAuto Motors (2 трлн сўм) якунлади.

photo_2026-03-11_12-13-33

Рўйхатдан асосан давлат улуши мавжуд бўлган компаниялар жой олган.

Теглар

Мавзуга оид