
Дабдабали тўйларга қарши «Маромийлик» лойиҳаси йўлга қўйилмоқда
Ўзбекистонда дабдабали тўй ва маросимларни ихчамлаштириш, оилавий қадриятларни асраш ҳамда жамиятда маромийлик кайфиятини шакллантириш мақсадида 90 кунлик тарғибот дастури ишга туширилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Маҳаллалар уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда «Нуроний» жамғармаси ҳамкорлигида «Маромийлик» номли янги маънавий-маърифий лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа асосида дабдабали тўйлар, ортиқча сарф-харажатли маросимлар ва исрофнинг олдини олишга қаратилган тарғибот кампанияси бошланди.
Ташкилотлар томонидан 90 кунлик чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда аҳолини маромийлик ва ислоҳотга чорловчи маънавий тадбирлар, жамоатчилик билан учрашувлар, ахборот кампаниялари ҳамда тўй-маросимларни мувофиқлаштириш бўйича амалий тавсиялар киритилган.
Бу ҳақда «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришда давлат ва жамоат ташкилотларининг роли» мавзусидаги давра суҳбатида маълум қилинди. Унда тегишли идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, зиёлилар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этмоқда.
Тадбирда қайд этилишича, мазкур ташаббуснинг мақсади — миллий анъаналарни замон талабларига мос равишда сақлаб қолиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва жамиятда масъулиятли ёндашувни кучайтиришдир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарияти таъкидлаганидек, «Маромийлик» лойиҳаси орқали турли туманларда тўй ва маросимлардаги ортиқча дабдабаларни қисқартириш, аҳолининг онгида тежамкорлик ва маданиятни қарор топтиришга қаратилган кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилади.





