Давлат маблағларини талон-торож қилган ИИВ собиқ мансабдорларига оид жиноят иши тақдири қандай кечмоқда?
Собиқ ИИВ мансабларининг жиноят иши бўйича Vaqt.uz мухбири вазирликдан изоҳ сўради.

Аввалроқ, Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаментининг собиқ бошлиғи Рустам Турсунов қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди.
27 январь куни эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мансабдорларнинг Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилинганди.
Vaqt.uz мухбири шу иш бўйича, яъни собиқ мансабдорларнинг жиноят иши қайси босқичда ва улар айнан қайси моддалар билан айланяпти, дея вазирлик масъулидан изоҳ сўради.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов: “Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов ҳаракатларини бошқа идора олиб бораётганлиги сабабли, биз бўйича маълумотга эга эмасмиз. Терговга жавоб берадиган раҳбарлар бу саволга жавоб берса тўғри бўларди”, — деб жавоб беди.
Маълумот учун: Бекмурод Абдуллаев 2021 йил апрелидан буён Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган. Ушбу тайинловга қадар у Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаган. Рустам Турсунов эса 2021 йил февраль ойидан бери Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига раҳбарлик қилган.
Қайд этиб ўтиш керак, Президен Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашни давлат сиёсати даражасида кескин кучайтиришини маълум қилган эди. Президент коррупсионер амалдорларни ислоҳотларга хиёнатда айблаб, 2026 йилда мамлакатда коррупцияга қарши «фавқулодда ҳолат» эълон қилган эди.
Шунингдек, давлат раҳбари лавозим ва унвон ҳеч кимни қонун олдида жавобгарликдан озод қилмаслигини қатъий таъкидлаган эди.





