add

Давлат харидларида 11,2 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди

Кеча 14:252151 дақиқа

Рақобат қўмитаси давлат харидларида қонунбузилишига йўл қўйган буюртмачи ташкилотларга чора кўрди.

Давлат харидларида 11,2 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди

Рақобат қўмитаси ҳудудий органлари томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг ҳамда фуқаролар мурожаатлари асосида олиб борилган текширувлар йирик миқдордаги қонунбузилишларни аниқлади. Қўмита маълумотларига кўра, аниқланган ҳолатлар умумий ҳисобда 11,2 млрд сўмдан зиёд маблағни ўз ичига олган бўлиб, ушбу бузилишлар бўйича тегишли таъсир чоралари кўрилди.

Бухоро вилоятида мактабгача ва мактаб таълими бўлимига оид 500 млн сўмдан ортиқ давлат хариди юзасидан қонунбузилиш кузатилди. Фарғона вилоятида эса соғлиқни сақлаш бошқармасининг 6 та хариди бўйича жами 8 млрд сўмга яқин хатолар аниқланган.

Жиззах вилоятида ҳам бир қатор ҳолатлар қайд этилди. Жумладан, Ғаллаорол тумани агротехнология техникумида 140 млн сўмга яқин, Пахтакор тумани таълим бўлимида 766 млн сўмлик, Дўстлик тумани ободонлаштириш бошқармасига оид 17 млн сўмлик қонунбузилишлар аниқланган.

Навоий вилояти Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмаси 1,7 млрд сўмлик, шунингдек, онкология марказининг вилоят филиали 100 млн сўмлик харидда қонун талабларини бузгани маълум қилинди.

Ушбу ҳолатлар «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасида белгиланган рақобатни чеклашга олиб келувчи ҳаракатлар билан боғлиқ бўлгани таъкидланди. Қонунбузилишлар юзасидан Махсус комиссия буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатиб, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўллади.

Теглар

Мавзуга оид