Даврон Ваҳобов «Корхоналарни ходимлар маошига қараб «қизил», «сариқ», «яшил» тоифага ажратиш керак»

18.02.2026 | 17:452 дақиқа

Давлат харидларида иштирок этаётган бизнес вакилларининг катта қисми ходимлар сони ва маошини камайтириб кўрсатаётгани маълум бўлди.

Даврон Ваҳобов «Корхоналарни ходимлар маошига қараб «қизил», «сариқ», «яшил» тоифага ажратиш керак»

18 феврал куни Тошкент шаҳрида ўтган ҳукумат ва тадбиркорлар учрашувида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорлар солиқ юкини камайтириш учун ходимлар сони ва уларга тўланадиган ойликларни сунъий равишда пасайтириб кўрсатаётганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, давлат харидлари йиллик 307 трлн сўмлик йирик бозор ҳисобланади ва тадбиркорлар учун даромад олиш имконияти яратилган. Бироқ амалда айрим компаниялар «обнал» фирмалар каби фаолият юритиб, фақат олиш-сотиш билан чекланмоқда.

«Бугун соҳадаги тадбиркорлардан 35 фоизи ходимларига 1 миллион сўм, 26 фоизи 2 миллион 600 минг сўм ойлик беряпти. Савол туғилади, сизларга ҳамма шароитлар яратилган бўлса, нега ойликни кам ёзяпсизлар? Ҳозир сизлар каби йирик хизмат кўрсатувчи компанияларда бухгалтер 2 миллион 600 минг сўм ойликка ишлайдими? Ёки шу пулга оператор ишлайдими? Корхоналарнинг 47 фоизида бор-йўғи икки нафардан ходим ишлаётгани кўрсатилган. Айтайлик, шунақа профессионал соҳада маҳсулот етказиб бериш, ўқитиш ва бошқа хизматларни кўрсатиш учун икки нафар одам етадими? Мен бу маълумотларни экранга қўйишга уяляпман. Сизларни вазирлик ва идоралар вакиллари олдида уялтириб қўйгим келмаяпти. Очиқ ишланглар», деди у.

Қонуний ишлаш талаблари фақат давлат корхоналарига эмас, хусусий секторга ҳам тенг қўлланилиши шарт

Палата раиси қонуний ишлаш талаблари фақат давлат корхоналарига эмас, хусусий секторга ҳам тенг қўлланилиши кераклигини айтди. У камида 8–9 млн сўм маош тўлайдиган тадбиркорлар учун алоҳида мезон жорий этишни таклиф қилди. Янги тизимга кўра, корхоналар ходимлар маошига қараб «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ваҳобов қурилиш соҳасида айрим тадбиркорлар рухсат этилган лойиҳадан четга чиқиб, бошқа объектлар барпо этаётганини танқид қилган эди. Шунингдек, мамлакатда 4 млн нафардан ортиқ фуқаро норасмий ишлаётгани, солиқ ставкалари пасайтирилганига қарамай, уларнинг расмий секторга ўтмагани билдирилган.

Теглар

Мавзуга оид