Logo

Депутатлар эскроу тизими ҳақидаги қонунни муҳокама қилишга киришди

Бугун 19:392 дақиқа

Қурилиш бозорида улушдорлар маблағларини ҳимоя қилиш ҳамда девелоперлар фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинмоқда.

Депутатлар эскроу тизими ҳақидаги қонунни муҳокама қилишга киришди © Getty Imagеs

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси «Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳужжат Ўзбекистонда улушли қурилиш соҳасини алоҳида қонун билан тартибга солиш ҳамда эскроу тизимини жорий этишни назарда тутади. Шунингдек, кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектлари қурилишига жисмоний ва юридик шахслар маблағларини жалб қилиш тартибини қонун даражасида белгилаш режалаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси улуш киритиш механизмини такомиллаштириш, улушдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг маблағлари хавфсизлигини кафолатлашга қаратилган.

Қурилишдаги муаммолар

Муҳокамада қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда қурилиш ҳажми 17,5 бараварга ошган. Бироқ соҳада тизимли муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.

Хусусан, айрим девелоперлар қурилиш-монтаж ишлари графигига амал қилмаётгани, улушли шартномалар орқали жалб қилинган маблағлар етарлича ҳимояланмагани ва уй-жойлар белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаётгани таъкидланди.

Шунингдек, тажрибаси етарли бўлмаган қурувчилар сони ортиши оқибатида муаммоли қурилиш объектлари кўпайиб бораётгани қайд этилди.

Депутатлар фикрича, улушли қурилиш бозорини аниқ қоидалар асосида тартибга солиш фуқаролар учун молиявий хавфларни камайтиришга хизмат қилади.

Лойиҳа такомиллаштирилади

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасидаги айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволлар бериб, уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирди.

Қонун лойиҳаси ҳозирда мутахассислар иштирокида қайта ишланмоқда. У такомиллаштирилганидан кейин Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилган.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев эскроу ҳисобварақлари асосида ишлайдиган янги молиялаштириш механизмини жорий этиш ташаббуси билан танишган эди. Унга кўра, харидорларнинг маблағлари махсус банк ҳисобварағида сақланиб, қурувчига фақат қурилиш бўйича белгиланган шартлар бажарилгач ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2026-йил 1-апрелдан кўчмас мулк ва автомобиль олди-сотдисида эскроу тизими жорий этилган.

Теглар

Мавзуга оид