Logo

Доллар 2026 йилдаги энг паст даражага тушди

Бугун 17:282 дақиқа

Сўмга нисбатан доллар курси 7 ойлик энг паст кўрсаткични кўрсатмоқда.

Доллар 2026 йилдаги энг паст даражага тушди © hl.co.uk

Марказий банк томонидан Ўзбекистонда 3 июль куни амал қиладиган АҚШ долларининг расмий курси 11 909,66 сўм этиб белгиланди.

Долларнинг бу курси 2025 йилнинг 3 декабрь санасидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Июн ойида сўмга нисбатан мустаҳкамланган доллар курси июль ойида ҳозирча фақат қадрсизланмоқда. 3 кун ичида доллар 151 сўмга арзонлади.

Эртангги расмий курс 30 сўм атрофида пасаядиган бўлса, бу долларнинг 2023 йил августидан бери энг паст қийматига айланади.

Умуман олганда, доллар йил бошидан бери 12 004,41 сўмлик даражадан қарийб 100 сўмга ёки 0,9 фоизга қадрсизланди.

Май ойида доллар курси сўмга нисбатан 0,5 фоизга мустаҳкамланган эди. Апрел ойида эса деярли 2 фоизлик қадрсизланиш кузатилган.

Доллар курси Ўзбекистонда қандай шаклланади?

Ўзбекистонда доллар курси Республика валюта биржасидаги савдолар асосида шаклланади. Бу ерда банклар хорижий валутани сотиб олади ва сотади, курс эса талаб ва таклиф мувозанатига қараб белгиланади.

Импорт тўловлари ортса харид кучайиб, курс кўтарилиши мумкин, экспорт тушумлари ва валюта таклифи ошса эса аксинча босим камаяди.

Савдолар якунларига кўра Марказий банк расмий доллар курсини эълон қилади. Банклардаги сотиб олиш ва сотиш курслари эса хизмат харажатлари ҳамда валута хатарлари ҳисобига расмий курсдан фарқ қилади.

Сўм нега долларга нисбатан кучли бўлиб қолмоқда?

Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳолати, экспорт тушумлари ва биржадаги талаб-таклиф омилига боғлиқ.

2026 йил I чоракда мамлакат иқтисодиёти 8,7 фоизлик ўсишни қайд этди. Хорижий пул ўтказмалари эса 13 фоизга ўсишда давом этди.

Январ—май ойларида жисмоний шахсларнинг чет эл валютасига бўлган таклифи талабдан деярли икки баробар юқори бўлди.

5 ойда аҳоли банкларга 10,2 млрд долларлик хорижий валюта сотган бўлса, уларнинг банклардан сотиб олган валюта миқдори 5,5 млрд долларни ташкил қилди.

Бундан ташқари, геосиёсий кескинликлар, глобал нотинчлик ва хавотирли иқтисодий вазият фонида долларнинг глобал мавқеи аввалгидек эмас. Бу ҳам сўнгги йилларда сўмнинг долларга нисбатан бардошли бўлишига ҳисса қўшмоқда.

Теглар

Мавзуга оид