Дориларни рецептсиз сотганлик учун жазо кучайтирилди
Кучли таъсир қилувчи моддалар сақловчи дориларни сотиш тартибини бузганлик учун жарима ва жиноий жавобгарлик миқдори оширилди.

Ўзбекистонда дориларни рецепт бўйича чакана сотиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Бу ҳақда 2026 йил 6 мартда қабул қилинган ОРҚ–1120-сонли қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда белгиланди.
Жарима миқдори қанчага ошди?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана сотиш тартибини бузганлик учун жарима миқдори оширилди. Энди бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Амалдаги тартибда эса мазкур ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима белгиланган эди. Янги ўзгартишлар орқали жариманинг энг кам ва энг юқори миқдори икки баробарга яқин оширилди.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш
Шунингдек, Жиноят кодексига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана сотиш тартибини бузиш ҳолати маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этилса ёки кўп миқдорда амалга оширилса, жиноий жавобгарлик белгиланади.
Бундай ҳолатларда БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача жарима солиш, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари тайинлаш, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланиши мумкин.
Қонун билан бошқа соҳаларга ҳам ўзгартишлар киритилди. Жумладан, Ер кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси айрим ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши мумкин.
Шу билан бирга, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, «Ватандош» картаси амал қилиш даврида унинг эгаси оила аъзолари виза муддатини кўп марталик визага узайтирганда давлат божини тўлашдан озод этилади.





