Дунё нега ҳамон АҚШ долларига ишонмоқда? — энг аҳамиятли асосий 3 та сабаб

Бугун 14:402 дақиқа

Трампнинг сиёсати доллар нуфузига зарба бераётган бир пайтда, нега жаҳон бу валютадан воз кеча олмаяпти? Экспертлар бунинг кутилмаган ва яширин сабабларини очиқлади.

Дунё нега ҳамон АҚШ долларига ишонмоқда? — энг аҳамиятли асосий 3 та сабаб © hl.co.uk

АҚШ доллари жаҳон молия бозоридаги мутлақ гегемонлигини сақлаб қолмоқда. «Bloomberg» агентлигининг хабар беришича, Америка валютасининг глобал мақоми учта асосий омил билан мустаҳкамланган: дунёдаги энг йирик иқтисодиёт кўлами, молия бозорининг чуқурлиги ва долларга бўлган кучли институционал ишонч.

Таҳлилчи ва инвестициялар бўйича директор Сонал Десаининг таъкидлашича, ҳозирги кунда долларга муносиб ва ишончли муқобилнинг ўзи йўқ. Бундай қудратли валютани қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган институционал инфратузилмани яратишга эса ўнлаб йиллар талаб этилади.

Рақобатчилар нега ортда қолмоқда?

Сўнгги пайтларда АҚШ президенти Доналд Трампнинг ноизчил савдо, геосиёсий ва фискал сиёсати Америка активларининг жозибадорлигини пасайтирмоқда. Бунинг ортидан долларнинг устунлиги борасидаги баҳслар яна авж олди.

Айрим мутахассислар евро, олтин ва рақамли активлар муқобил захира воситасига айланиши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Бироқ, экспертлар бунга шубҳа билан қарайди:

Евроҳудуд етарли ҳажмда ягона ва глобал ишончли актив ярата олмайди.

Хитой юани капитал ҳаракати устидан қатъий назорат остида ишлайди ва эркин конвертация қилинмайди.

Шу сабабли, мутахассисларнинг фикрича, АҚШ доллари билан бўладиган ҳақиқий ва тенг ҳуқуқли рақобат ҳали узоқ келажакда юз бериши мумкин.

Рақамлар нима дейди?

Халқаро ҳисоб-китоблар банкининг 2025 йилги тадқиқотларига кўра, биржадан ташқари валюта айланмасининг 89 фоизи айнан доллар ҳиссасига тўғри келади. Таққослаш учун, унинг асосий рақобатчиларидан бири сифатида кўрилувчи Хитой юанининг улуши бор-йўғи 8,5 фоизни ташкил этади.

Таҳлилчиларнинг хулосасига кўра, долларнинг ҳозирги кундаги заифлашуви таркибий эмас, балки шунчаки циклик хусусиятга эга. Реал савдо операцияларини ҳисобга олганда, доллар 1990-йиллар ўрталари ва 2000-йиллар охиридаги энг паст кўрсаткичлардан ҳамон сезиларли даражада юқори. Унинг бироз қадрсизланиши эса жаҳон захира валютаси мақомига ва глобал иқтисодий жараёнларга тўла мос келади.

Теглар

Мавзуга оид

Дунё нега ҳамон АҚШ долларига ишонмоқда? — энг аҳамиятли асосий 3 та сабаб | Vaqt.uz