Logo

Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилликда 8,5 фоизга ўсди — Шавкат Мирзиёев

Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Хоразмда тадбиркорлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда маълум қилди.

Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилликда 8,5 фоизга ўсди — Шавкат Мирзиёев © Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмда тадбиркорлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда иқтисодиётдаги асосий кўрсаткичлар ва ислоҳотлар самарасига тўхталиб ўтди. Жумладан, давлат раҳбарининг таъкидлашича, дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат иқтисодиёти 8,5 фоизлик ўсишни қайд этди. Президент ушбу кўрсаткич халқаро молия институтлари томонидан ҳам муносиб баҳоланаётганини билдирди.

«Хусусан, «Фитч» ва «Мудис» агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини бир поғонага яхшилаган бўлса, Жаҳон банкининг инвестиция ва ишбилармонлик муҳити бўйича ҳисоботида мамлакатимиз 31-ўринни эгаллади. Бу натижалар, энг аввало, тадбиркорлар билан елкама-елка олиб борилаётган изчил ислоҳотлар меваси», — деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқида, шунингдек, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ташқи бозорларни кенгайтириш борасида эришилган амалий натижаларни ҳам келтириб ўтди.

Унда қайд этилишича, «Миллий саноат занжири» орқали хусусий корхоналар йирик давлат компанияларидан 4 триллион сўмлик буюртма олган, маҳаллийлаштириш учун эълон қилинган 650 дан ортиқ янги маҳсулот тури эса тадбиркорлар учун қўшимча 1 миллиард долларлик бозор имкониятини яратди.

«Шунингдек, ҚҚСга ўтиш чегараси 5 миллиард сўмга оширилди, кафе ва ресторанларга 100 миллиард сўм ҚҚС «кешбэк» сифатида қайтарилди ҳамда қишлоқ хўжалигига «ноль» ставка қўлланиши ҳисобига 400 миллиард сўм фермерлар ихтиёрида қолди. Бунга қўшимча равишда, Қозоғистонда 11 турдаги қурилиш материаллари импорти чеклови бекор қилинди, Туркманистон билан божсиз савдо йўлга қўйилди ҳамда Иордания, Покистон, Эрон ва Афғонистон билан имтиёзли савдо битимлари тузилди», — деди давлат раҳбари.

Теглар

Мавзуга оид