
Экология қўмитаси раисининг ўринбосарлари президент маслаҳатчиси ўринбосарларига тенглаштирилади
Шунингдек, Экология қўмитаси раисининг 4 нафар ўринбосари президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Экология қўмитаси раисининг 4 нафар ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Улар мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосарларига тенглаштирилади.
Қарорга мувофиқ, Экология қўмитаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор ҳисобланади. Қўмита ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда унинг фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.
Шунингдек, Экология қўмитасининг жорий фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси раҳбарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси таркибидан чиқарилиб, унинг негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилгани ҳақида хабар бергандик. Шунингдек, ушбу қўмита таркибида Давлат экологик назорат инспекцияси — Экополитция ташкил этилмоқда.





