add

Экология вазирлиги Вазирлар Маҳкамасидан мустақил қўмитага айлантирилди

Президент фармонига кўра, экологик сиёсат ва назоратни кучайтириш мақсадида вазирлик ўрнига мустақил Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди, Туризм қўмитаси эса алоҳида органга айлантирилди.

Экология вазирлиги Вазирлар Маҳкамасидан мустақил қўмитага айлантирилди

Президент фармонига асосан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси таркибидан чиқарилиб, унинг негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилмоқда. Мазкур тузилманинг раиси бир вақтнинг ўзида Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади.

Ушбу ўзгаришлар экологик сиёсатни ягона марказда жамлаш, соҳадаги лойиҳаларни тезкор мувофиқлаштириш ва назорат қилишни кучайтиришни мақсад қилади. Қўмитага «Яшил макон», «Тоза ҳаво», «Чиқиндидан ҳоли ҳудуд», «Эко-маданият» ва «Био мерос» каби йирик умуммиллий дастурларни амалга ошириш масъулияти юкланди. Шу билан бирга, ўрмонларни кўпайтириш, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш каби стратегик вазифалар ҳам янги орган зиммасига ўтмоқда.

Фармонга кўра, вазирлик таркибидаги Туризм қўмитаси ҳам алоҳида тузилма сифатида қайта ташкил этилади. Бу туризм соҳасида тезкор қарор қабул қилиш, товар ва хизматлар сифатини ошириш ҳамда ҳудудий имкониятларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача маҳаллий ва хорижий экспертлар жалб қилиниб, «Эколойиҳалар фабрикаси» очилади. Бу платформадан экологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш, халқаро тажрибани жорий этиш ва замонавий ечимлар тайёрлаш мақсадида фойдаланилади.

Тузилмавий ўзгаришлар натижасида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги қўмита таркибида фаолият юритади.

 Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклатилди.

Теглар

Мавзуга оид

Экология вазирлиги Вазирлар Маҳкамасидан мустақил қўмитага айлантирилди | Vaqt.uz