add

Экоқўмита 1 декабргача саноат корхоналарига зарарли ташламаларни 2 бараварга камайтиришни топширди

Кеча 14:251602 Дақиқа

Ушбу мажбуриятни бажармаган саноат корхоналари фаолияти 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатилади ёки белгиланган тартибда тугатилади.

Экоқўмита 1 декабргача саноат корхоналарига зарарли ташламаларни 2 бараварга камайтиришни топширди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси атмосфера ҳавоси ифлосланишини бартараф этиш мақсадида саноат корхоналари зиммасига бир қатор кечиктириб бўлмас мажбуриятлар юклатилганлигини билдирди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг 2023 йил 31 майдаги 81-сон фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 ноябрдаги 783-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 январга қадар атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага, 2026 йил 1 июлга қадар эса II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги мажбуриятларни бажариши шарт:

— атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни таҳлил қилувчи автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш ва экология органларига интеграция қилиш;

— юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш;

— санитар ҳимоя зоналарини автоматик стационар кузатув постлари билан жиҳозлаш.

Қонунчиликка мувофиқ, ушбу мажбуриятларни бажармаган субъектларга нисбатан атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари 5 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Шунингдек, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига кўра, метеорологик шароитлар ноқулай келиши кутилаётганлиги муносабати билан корхоналар атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни камайтириш ва (ёки) бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши шарт.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси барча корхоналардан жорий йил 1 декабрга қадар атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташламаларини 2 баробар камайтиришни қатъий талаб қилмоқда.

Ушбу мажбуриятни бажармаган корхоналар фаолияти, «Экологик назорат тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасига асосан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қарори билан 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатилади ёки белгиланган тартибда тугатилади.

Экологик мажбуриятини бажармаган корхоналар белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.

Аввалроқ қурилиш майдонларида чанг тарқалишига қарши талаблар бажарилмаса, компаниялар жаримага тортилиши ёки фаолияти тўхтатилиши билдирилганди.

Теглар

Мавзуга оид