add

Энди экологияга зарар келтирган корхоналарга молиявий санкциялар жорий этилади

Кеча 18:581472 дақиқа

Қонунчилик палатаси депутатлари табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузган юридик шахсларга жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Энди экологияга зарар келтирган корхоналарга молиявий санкциялар жорий этилади

17 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун ташаббуси амалдаги экологик қонунчилик талабларининг бажарилишини таъминлаш, табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган. Ҳужжат билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, дарё ўзанларида норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахт ва буталарни ғайриқонуний кесиш ёки йўқ қилиш, уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслик учун юридик шахсларга нисбатан жарима тарзида молиявий санкциялар жорий этилади. Шунингдек, мазкур жазо чораси атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни белгиланган меъёрдан ортиқ чиқариш, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини чекламаслик ҳолатларида ҳам қўлланилади.

Шунингдек, лойиҳада ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ёқилғи, моддалар, материаллар ёки чиқиндиларни ёқиш, шунингдек, саноат ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, сақлаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш жараёнларида экологик талабларни бузганлик учун ҳам санкциялар белгилаш назарда тутилган.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Теглар

Мавзуга оид