add

Энди камера ва радарлар ҳам жарима баллари ҳисоблайди

27.10.2025 | 14:552 дақиқа

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда йўллардаги фото ва видеокамералар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳам жарима баллари ҳисобланади.

Энди камера ва радарлар ҳам жарима баллари ҳисоблайди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрда қабул қилинган 676-сонли қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб йўллардаги автоматлаштирилган фото ва видео тизимлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларга жарима баллари ёзила бошлайди.

Янги тартиб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари билан боғлиқ ўлим ҳолатларини камайтириш ва қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бунда жарима баллари транспорт воситасининг мулкдори ёки ушбу воситадан ишончнома, суғурта полиси ёки йўл варақаси орқали фойдаланувчи ҳайдовчилар ўртасида тақсимланади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонда жарима баллари тизими 2025 йил 1 июндан амалга кирган бўлиб, ҳозирча улар фақат ЙҲХХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган баённомалар асосида ҳисобланмоқда. Илгари камералар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун балл ёзилмаслиги белгиланган эди. Энди эса, ҳайдовчини аниқлаш имконияти яратилганидан кейин ушбу тизим кенгайтирилмоқда.

Қарорга кўра, агар ҳайдовчи 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаса, кейинги даврда биринчи марта содир этган қоидабузарлик учун балл қўшилмайди. Шунингдек, агар ҳайдовчига жарима балли ёзилгандан кейин олти ой давомида яна қоидабузарлик содир этмаса, ундан жарима балларидан икки балл олиб ташланади.

Бир йил давомида ҳайдовчининг жарима баллари 12 баллга етса, маълумотлар судга автоматик равишда юборилади. Суд қарорига кўра, бундай ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади.

Теглар

Мавзуга оид