Эрон «Рамазон уруши» қурбонлари сонини расман эълон қилди

Бугун 12:252 дақиқа

Эрондаги даҳшатли «Рамазон уруши» қанча инсоннинг ёстиғини қуритгани маълум бўлди. Шаҳидлар фонди раҳбари урушнинг аянчли оқибатлари ва йўқотишлар ҳақида кутилмаган рақамларни очиқлади.

Эрон «Рамазон уруши» қурбонлари сонини расман эълон қилди © aljazeera.com

Эрон вице-президенти, Шаҳидлар ва фахрийлар ишлари бўйича фонд раҳбари Саййид Аҳмад Мусавий мамлакатда бўлиб ўтган «Рамазон уруши»даги йўқотишлар ҳақида расмий маълумот берди. Унга кўра, АҚШ ва Исроилга қарши ушбу мажбурий урушда ҳалок бўлган 3468 нафар шаҳиднинг ҳужжатлари фонднинг ягона «Сажая» тизимида рўйхатга олинмоқда, деб хабар беради «Табнак» агентлиги.

Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш мақсадида 6 мингдан ортиқ юзма-юз учрашувлар ташкил этилган.

Президентнинг ташрифи ва уруш оқибатлари

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён 29 фарвардин куни Шаҳидлар ва фахрийлар ишлари бўйича фондга ташриф буюрди. Учрашув давомида доктор Саййид Аҳмад Мусавий президентнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, мамлакат 1404 йилда (Эрон тақвими бўйича) учта йирик ҳодисани бошдан кечирганини таъкидлади.

«Барча масъуллар ва халқимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан бу урушдан ғалаба билан ўтишимизга умид қиламиз», — деди фонд раҳбари.

Тиббий ва психологик ёрдам

Вице-президентнинг сўзларига кўра, «Рамазон уруши» қароргоҳи муваффақиятли бошқарилмоқда. Фонд уруш даврида ва ундан кейин аҳолига, хусусан, жабрланганларга мутахассислар жалб қилинган ҳолда 24 соатлик тиббий ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйган. Инсонларнинг руҳий бардошлилигини ошириш мақсадида махсус «Маслаҳат овози» ишонч телефони ҳам фаолият юритмоқда.

Халқаро ташкилотларга мурожаат

Бундан ташқари, шаҳидлар ва фахрийларнинг нодавлат ташкилотлари томонидан БМТ Бош котибига ҳамда халқаро ҳамжамиятга махсус хатлар йўлланган. Теҳрондаги БМТ ваколатхонаси олдида Америка ва сионистик режимнинг ҳужумларини кескин қораловчи норозилик намойишлари ўтказилиб, тегишли баёнотлар қабул қилинган.

Фонд раҳбари барча ихтисослаштирилган бўлимлар ўз вазифаларини тўлиқ бажараётганини ва шаҳидлар оилаларига хизмат кўрсатишда бор имкониятлар ишга солинаётганини қайд этди.

Теглар

Мавзуга оид