Эрон уруши: сулҳ ёки эскалация? | Fikr vaqti
28 февралдан бошланган АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши 12 кунга келиб янги босқичга кирди. “Фикр вақти” дастурида сиёсатшунослар Шуҳрат Расул ва Ойбек Сирожов билан бугунги жараёнларнинг хулосалари ва унинг эҳтимолий якунлари ҳақида гаплашдик.
28 феврал куни АҚШ ва Исроил томонидан Эрон ҳудудига амалга оширилган ҳаво зарбалари билан бошланган уруш бугунга келиб Яқин Шарқнинг катта қисмини қамраб олган кенг кўламли геосиёсий тўқнашувга айланди. Бир неча ҳафта ичида ракета, дрон ва авиация зарбалари нафақат Эрон ва Исроил ҳудудларида, балки минтақадаги бошқа қатор давлатлардаги ҳарбий базалар, энергетик объектлар ва инфратузилмаларга ҳам таъсир кўрсатди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бу можаро бевосита ёки билвосита тарзда ўнлаб давлатларнинг хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларига таъсир қилмоқда.
Шу билан бирга, сўнгги кунларда урушаётган томонлардан берилаётган ахборот ва сиёсий баёнотлар урушнинг янги босқичга кирганини кўрсатмоқда. Бу билан бир вақтда, шунингдек, турли томонлардан сулҳ, келишув ёки ҳарбий операциялар якунланиши мумкинлиги ҳақида ҳам баёнотлар янграб турибди. Айрим таҳлилчиларга кўра, бу – урушнинг ҳал қилувчи босқичига яқинлашганидан дарак бўлиши мумкин.
Хўш, аслида ҳам уруш якуни яқинми? Агар шундай бўлса, бу қандай кўринишдаги келишув ёки геосиёсий мувозанат билан якунланиши мумкин? Томонлар қандай шартлар асосида музокарага келиши эҳтимолдан холи эмас?
Ва бу можаро Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилади?
Дастуримизнинг айни мавзуга бағишланган ушбу сони меҳмонлари — сиёсатшунослар Шуҳрат Расул ва Ойбек Сирожов бўлди.
Теглар






