Logo

Эътиборсиз қолдирилган технология энди электромобиллар бозорини ўзгартириши мумкин

Бугун 08:305 дақиқа

Автомобил ишлаб чиқарувчилари электромобилларнинг юриш масофаси ва қувватлаш тезлиги бўйича рақобатлашаётган бир пайтда, Хитойда бошқа йўналишга – электромобилнинг асосий таркибий қисми бўлган электродвигателни такомиллаштиришга урғу берилмоқда.

Эътиборсиз қолдирилган технология энди электромобиллар бозорини ўзгартириши мумкин © Foto: CCTV

Тадқиқотчилар келажакдаги электромобиллар учун энг истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланган аксиал электродвигателлар технологиясида муҳим ютуққа эришилганини маълум қилди, деб хабар берди «Car News China» ва CCTV.


Янги ишланма муаллифлари – «Pangoo Power» компанияси ва Хитой Фанлар академиясининг Нинбо материалшунослик институти. Муҳандислар аксиал двигателларнинг асосий муаммоларидан бири – юқори юклама ва катта айланиш тезлигида самарали ишлаш масаласига эътибор қаратди.

1


Бунинг учун юқори ҳарорат ва экстремал иш шароитларида ўз хусусиятларини яхшироқ сақлайдиган янги магнит материали яратилди. Ишланма муаллифларининг таъкидлашича, айнан шу материал двигател самарадорлигини ошириш, унинг қувватини кўпайтириш ва шу билан бирга оммавий ишлаб чиқариш имкониятини сақлаб қолишга ёрдам берган.


Қизиғи шундаки, янги двигател худди шундай қувватга эга анъанавий электродвигателларга нисбатан қарийб икки баробар ихчам бўлиб, дақиқасига 18 минг айланиш тезлигигача чиқиши мумкин.

2


Муҳандислар фикрича, келажакда бундай двигателлар нафақат электромобилларда, балки роботлар, аэротаксилар ва бошқа юқори технологияли транспорт турларида ҳам қўлланилиши мумкин. Агар синов натижалари амалда тасдиқланса, бу келажак электромобиллари учун янада ихчам ва унумдор электродвигателлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлади.
 
Нега бу технология электромобиллар келажаги деб ҳисобланади?


Оддий қилиб айтганда, ҳозирги замонавий электромобилларнинг аксарияти ўнлаб йиллардан бери қўлланиб келинаётган радиал электродвигателлардан фойдаланади. Бироқ аксиал двигател бир муҳим устунликка эга – у кичикроқ ўлчам ва енгилроқ вазнда юқори қувватни таъминлай олади.

3


Шу боис аксиал двигателлар бир неча йилдан буён электромобиллар учун энг истиқболли технологиялардан бири сифатида қаралмоқда. Ихчамроқ куч қурилмаси автомобил ичида қўшимча жой бўшатиш, умумий оғирликни камайтириш ва самарадорликни ошириш имконини беради.


Айни пайтда, бу ғоя мутлақо янги эмас. Унинг тарихи замонавий электротехника асосчиларидан бири бўлган инглиз физиги Майкл Фарадей тажрибаларига бориб тақалади. Унинг дастлабки ишланмаларида магнит оқими двигател айланиш ўқи бўйлаб ҳаракатланадиган схема қўлланган эди.

4


Бироқ қарийб икки аср давомида бу технология амалий ечимдан кўра муҳандислик эксперименти сифатида қолиб келди. Бундай двигателларнинг асосий муаммоларидан бири юқори айланиш тезлигида ишлаш эди. Конструкция хусусиятлари сабабли катта юкламаларда деталлар деформацияси ва магнит мувозанатининг бузилиши хавфи кескин ортарди.


Фақат замонавий магнит материаллари, куч электроникаси ва ишлаб чиқариш технологияларининг ривожланиши муҳандисларга ушбу концепцияга яна қайтиш ва уни серияли транспорт воситалари учун мослаштириш имконини берди.

5


Натижада, ўнлаб йиллар давомида соҳа четида қолиб келган технология яна диққат марказига қайтди. Янги двигател ҳар бир килограмм вазн учун 25,73 киловатт қувват кўрсаткичига эришди ҳамда дақиқасига 18 мингдан ортиқ айланиш тезлигини намойиш қилди. Бу эса электромобил ишлаб чиқарувчилари яқин вақтгача фақат концепт моделларда тасаввур қилган техник кўрсаткичларга яқин натижа ҳисобланади.
 
Аксиал двигателлардан кимлар аллақачон фойдаланмоқда?


Шунга қарамай, бу технология аллақачон серияли автомобилларда қўлланилмоқда, аммо ҳозирча асосан энг қиммат ва юқори қувватли моделларда.


Бундай двигателларнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан бири сифатида YASA компанияси эътироф этилади. Унинг моторлари «Ferrari», «Lamborghini» ва бошқа юқори унумдор моделларда қўлланилади. Жумладан, «Ferrari SF90 Stradale», «Ferrari 296 GTB», «Lamborghini Revuelto» ва «Lamborghini Temerario» шулар жумласидандир. Шунингдек, «Mercedes-AMG» ва «Audi»нинг айрим лойиҳаларида ҳам мазкур технологиядан фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, «McLaren», «Porsche» ва яна қатор спорт автомобиллари ишлаб чиқарувчилари ҳам аксиал двигателларга қизиқиш билдирмоқда.
 
Бу автосаноатдаги янги пойга


Кўплаб экспертлар фикрича, аксиал двигателлар ҳозир тахминан 15–20 йил аввалги литий-ион аккумуляторлари босқичида турибди: технология ўз самарадорлигини исботлаган, аммо оммавий бозорга чиқиш учун харажатларни камайтириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарур.

6


Бироқ ривожланиш жуда тез кечмоқда. Яқин вақтгача электромобиль ишлаб чиқарувчилари асосан аккумулятор сиғими бўйича рақобатлашган бўлса, бугунги кунда энг самарали электродвигателларни яратиш учун янги технологик пойга бошланган.


Xiaomi аллақачон дақиқасига 28 минг айланишгача чиқадиган двигател ишлаб чиқармоқда. BYD ўзининг юқори қувватли куч қурилмаларини фаол ривожлантирмоқда. «Dongfeng Motor Corporation» эса мотор-ғилдирак технологияси билан тажриба ўтказмоқда. Энди бу рақобатга аксиал двигателлар ишлаб чиқарувчилари ҳам қўшилди.


Натижада келгуси йилларда электромобиллар соҳасидаги асосий рақобат нафақат аккумуляторлар, балки двигатель технологиялари атрофида ҳам кечиши мумкин.
 
Гуманоид роботлар ва аэро таксилар


Айни пайтда ишлаб чиқувчилар янги технологияни фақат электромобиллар учун эмас, балки бошқа соҳаларда ҳам қўллашни режалаштирмоқда. Асосий йўналишлардан бири сифатида гуманоид роботлар кўрсатилмоқда. Бу бозор ҳозирда йирик технологик компанияларнинг катта инвестициялари туфайли жадал ривожланмоқда.


Тадқиқотчилар маълумотига кўра, янги двигатель ҳар бир килограмм вазн учун 293 Нм айлантирувчи момент зичлигини таъминлайди. Бу эса мавжуд айрим ечимларга нисбатан тахминан 22 фоиз юқори кўрсаткичдир. Робототехника учун бу қувватни йўқотмаган ҳолда янада ихчам ҳаракатлантирувчи тизимлар яратиш имконини англатади.


Яна бир истиқболли бозор – аэро таксилар ва бошқа электр ҳаво транспорт воситалари. Бу соҳада ҳар бир килограмм оғирлик муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ихчам ва енгил электродвигателлар келажак авиациясининг асосий технологияларидан бири сифатида қаралмоқда.


Шу сабабли асосий савол энди бундай двигателлар серияли автомобилларда пайдо бўладими-йўқми деган масала эмас. Асосий масала – уларни ким биринчи бўлиб оммавий ва ҳамёнбоп маҳсулотга айлантира олишидадир.


Айнан шу омил келажакда электромобиллар саноати тараққиётидаги навбатдаги йирик қадам бўлиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид