Logo

Фарғонада 200 минг доллар пора талаб қилган шахс қўлга олинди

Бугун 12:582 дақиқа

Фарғонада қиймати 1,2 млн долларлик нотурар жойни қайта расмийлаштириб бериш эвазига 200 минг доллар талаб қилган «Мансур Казанский» лақабли шахс ушланди.

Фарғонада 200 минг доллар пора талаб қилган шахс қўлга олинди © Videodan kadr

Фарғона вилоятида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқарога тегишли қиймати 1,2 млн доллар бўлган нотурар жойни қайта расмийлаштириб бериш эвазига 200 минг доллар талаб қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ маълум қилди.

Тергов маълумотларига кўра, «Мансур Казанский» лақаби билан танилган Мансур Арипов мазкур объектни 1,2 млн долларга сотиб олиш бўйича келишувга эришган. Томонлар ҳисоб-китобни объектни гаровга қўйиш ва банк кредити орқали амалга оширишни режалаштирган.

Объект нотариал тартибда Арипов номига расмийлаштирилган. Бироқ у кредит бўйича ойлик тўловлар ва фоиз ставкалари билан танишгач, кредит олишдан бош тортган. Шундан кейин нотурар жойни аввалги эгасига қайтариш учун 200 минг доллар талаб қила бошлаган.

Тергов тафсилотлари

Маълум қилинишича, Арипов ушбу ҳаракатларга 1968 йилда туғилган бошқа шахсни ҳам жалб қилган. Шунингдек, жабрланувчининг тадбиркор шеригига нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш учун фойдаланиш мумкин бўлган материаллар борлиги айтилган ва ундан ҳам 200 минг доллар талаб қилинган.

Фарғона вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Арипов Фарғона шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний кўчасида жойлашган нотариал идорада қўлга олинган.

У тергов маълумотларига кўра, нотурар жойни товламачилик йўли билан 100 минг доллар эвазига жабрланувчи номига қайта расмийлаштираётган вақтда ушланган.

Жиноят иши қўзғатилди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддасига (товламачилик) асосан жиноят иши қўзғатилган. Ишга алоқадор шахслар процессуал тартибда ушлангани маълум қилинди.

Теглар

Мавзуга оид

Фарғонада 200 минг доллар пора талаб қилган шахс қўлга олинди | Vaqt.uz