Фойдаланилмаётган аэродромларни бизнес учун бериш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда кичик ва ҳаваскор авиацияни ривожлантириш учун алоҳида ҳуқуқий тизим яратилиши режалаштирилмоқда. Унда ҳаво кемаларини рўйхатдан ўтказиш тартибини енгиллаштириш, 115 кг гача бўлган аппаратларни рўйхатдан ўтказмаслик ҳамда фойдаланилмаётган аэродромларни тиклаб, уларни бизнес ихтиёрига бериш таклиф этилган.
© uzairways.uzЎзбекистонда кичик ва ҳаваскор авиацияни тартибга солишнинг алоҳида тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Туризм қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган президент қарори лойиҳасида назарда тутилган. Ҳужжат ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳага кўра, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги кичик авиация соҳасидаги давлат регулятори этиб белгиланиши таклиф қилинган. Агентлик ҳаво кемаларини рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш, техник хизмат кўрсатиш, мутахассисларни тайёрлаш ва парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш ваколатларига эга бўлади.
Шунингдек, ICAO талабларига мувофиқ кичик авиация учун алоҳида авиация қоидаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Улар максимал учиш вазни 5700 кг гача бўлган самолётлар ва 2250 кг гача бўлган вертолётларга татбиқ этилади.
Рўйхатдан ўтиш енгиллашади
Лойиҳада кичик авиация ҳаво кемаларини рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш ва техник кўрикдан ўтказиш тартибини соддалаштириш назарда тутилган. Бу бўйича ҳужжатларни уч ой ичида ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, ICAO амалиёти асосида вазни 115 кг гача бўлган учиш аппаратларини мажбурий рўйхатдан ўтказишдан озод қилиш режалаштирилган. Енгил ҳаво кемалари учун алоҳида «Ҳаваскор авиация» тоифаси ҳам жорий этилади.
Лойиҳа доирасида ягона «Кичик авиация» электрон платформасини ишга тушириш, Cadet Program орқали учувчилар захирасини тайёрлаш ҳамда учинчи шахсларга етказилган зарар учун мажбурий суғурта тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам таклиф қилинган.
Аэродромлар тақдири
Қарор лойиҳасининг яна бир муҳим қисми фойдаланишдан чиққан аэродромлар ва учиш-қўниш йўлакларини қайта тиклашга бағишланган. Улар ободонлаштирилгандан кейин фаол туризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлар ва лойиҳа ташаббускорларига ижарага берилиши режалаштирилмоқда.
Ҳозирча айнан қайси аэродромлар қайта тикланиши маълум қилинмаган. Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда 18 та аэропорт фаолият юритади.





