Ғазо учун ажратилган миллиардлар
Тинчлик Кенгашининг биринчи йиғилишида иштирокчи давлатлар қатор мажбуриятларни бўйнига олди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бу борада ташаббусларни илгари сурди.
Ғазо. Ўзбекистон пул ажратади, шифохоналар қуради. Қозоғистон эса қўшин юборишга ҳам тайёр. 19 феврал куни Тинчлик Кенгашининг биринчи йиғилишида қатнашган Марказий Осиё давлатлари етакчилари шундай ташаббусларни илгари сурди. Ушбу тадбирда қатнашиш учун Вашингтонга борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса йиғилиш олдидан Америка расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, йирик бизнес лойиҳалари ва битимлар имзонашида қатнашишга ҳам улгирди.
Мақолада ана шу Тинчлик Кенгаши иштирокчилари бўйнига олган мажбуриятлар ва президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи тафсилотлари ҳақида батафсил билиб олишингиз мумкин.
Тинчлик Кенгаши
Дастлаб Тинчлик Кенгашининг ўзи ҳақида тўхталадиган бўлсак, у 2026 йил 22 январда Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган. Унинг ташаббускори АҚШ президенти Доналд Трамп. Кенгашга 60 га яқин давлатлар таклиф қилинган, аммо АҚШнинг бир қатор яқин иттифоқчилари мазкур тузилма Бирлашган Миллатлар Ташкилотини четлаб ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар туфайли иштирок этишга шошилмади ёки бундан бош тортди. Шунингдек, биринчи йил ичида 1 миллиард доллар пул ажратган давлатларга доимий аъзолик берилиши ҳақидаги хабарлар ҳам кўплаб саволларни келтириб чиқарди.
Шундай қилиб, 19 феврал куни Доналд Трамп номидаги АҚШ Тинчлик институтида янги тузилган Тинчлик Кенгашининг илк йиғилишини ўтказилди. Унда Ғазони қайта тиклаш режалари баён қилиниб, молиявий мажбуриятлар эълон қилинди.
Доналд Трамп Қўшма Штатлар Тинчлик кенгашига 10 миллиард доллар ажратишини маълум қилди. Ғазо учун режалаштирилган Халқаро барқарорлаштириш кучлари қўмондонлигига тайинланган генерал Жаспер Жефферс эса 5 давлат ушбу кучларга ҳарбий юборишини билдирди. Булар Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Албания. Миср ва Иордания эса полицияни тайёрлашга рози бўлган. Шунингдек, Халқаро барқарорлаштириш кучлари қўмондонига Индонезиядан ўринбосар тайинланиши билдирилди.
Трамнинг айтишича, тўққиз давлат Ғазо учун умумий 7 миллиард доллардан ортиқ ёрдам ажратишга ваъда берган. Булар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
«Мен қувонч билан маълум қиламанки, Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Қувайт барчаси ёрдам пакетига 7 миллиард доллардан ортиқ ҳисса қўшди», – деди Трамп.
Шундай қилиб, АҚШ чегарада тинчликни таъминлаш учун 10 миллиард доллар ажратишини ваъда қилди. Тинчлик кенгаши учун эса Бирлашган Араб Амирликлари 1,2 миллиард доллар, Қатар, Қувайт ва Саудия Арабистони 1 миллиард доллардан ажратиши маълум қилинди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса Ғазодаги мактаблар, болалар парвариши муассасалари ва шифохоналарни қайта қуришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди
«Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозим. Барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга, можародан кейинги жараёнларни барқарорлаштиришга хизмат қилади. Таъкидлаб айтаманки, Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёр», – деди Мирзиёев.
Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев эса Тинчлик кенгашига кечиктирмасдан салмоқли миқдорда пул ажратишга тайёрлигини, шунингдек озиқ-овқат ёрдами пакети доирасида буғдой етказиб беришга ҳам тайёр эканини билдирди.
Руминия фавқулодда хизматлар, мактаблар ҳамда полиция ва адлия тизими каби муассасаларни қайта тиклашга, Туркия соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини тиклаш, полицияни тайёрлаш ишларига ҳисса қўшишга ва ҳарбий юборишга тайёрлигини билдирди.
Йиғилиш якунида Тинчлик кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги декларация имзоланди.
Шавкат Мирзиёев Вашингтонда
Ўзбекистон президентининг АҚШга ишчи ташрифи Тинчлик Кенгашидаги иштирок билан чеклангани йўқ. Вашингтонда Шавкат Мирзиёев АҚШ савдо вазири Говард Латник ва АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир учрашувлар ўтказди. Президент АҚШ томонини Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.
Шунингдек, ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида инвестиция платформасини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди. Шавкат Мирзиёев АҚШ бизнеси вакиллари билан ҳам учрашувда сўзга чиқиб, инвестиция лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.
«Бугун биринчи марта мулоқотга вазирларимиз, бош вазир ўринбосарлари, ҳокимларимиз бу ерга уланишди, чунки сизнинг ҳар бир сўзингиз, ҳар бир лойиҳангиз биз учун жуда муҳим, у амалга оширилиши учун ва Ўзбекистонда ишлашингиз учун барча шароитларни яратишимиз учун.
Ҳозир стратегик қарорлар қабул қилиш учун энг тўғри вақт. Биз лойиҳанинг барча босқичларида олдиндан айтиб бўладиган қоидалар, тўлиқ қўллаб-қувватлаш ва кузатиб боришни таъминлаймиз. Барча вазирлар ва ҳудудлар раҳбарлари лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради» – деди президент.
Айнан шу учрашувда эълон қилиндики, АҚШнинг «Gulf» компанияси Ўзбекистонда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини очишни ва авиация соҳасига инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Компания вице-президенти Крейг Крамернинг маълум қилишича, «Gulf» Ўзбекистонда яқин икки йил ичида Ғарб стандартларига жавоб берадиган камида 100 та замонавий ва қулай ёқилғи қуйиш шохобчасини ишга туширишни ният қилган.
«Gulf» компанияси бутун Марказий Осиё бўйича операцион базасини Тошкент шаҳрида жойлаштиради. Бу Ўзбекистонни минтақавий логистика ва чакана савдо инфратузилмасининг марказига айлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадами бўлади», – деди у.
Чакана савдо билан бир қаторда, «Gulf» Ўзбекистондаги авиация йўналишига ҳам сармоя киритмоқчи. «Gulf Aviation» орқали авиация секторига қарийб 50 миллион доллар инвестиция йўналтирилади.
Умуман олганда, халқаро аҳамиятга эга тадбирда Ўзбекистон позициясини намоён қилиш мақсадида қилинган ташриф мамлакат иқтисодиёти ва унга чет эл сармоёлари киритилишидаги ютуқлар билан бойиди.
Теглар






