Германияда ёнилғи нархлари 2022 йилдан бери рекорд даражада қимматлади

Кеча 15:452 дақиқа

Германия нефт маҳсулотларини асосий ҳажмини Яқин Шарқдан сотиб олмаса ҳам, минтақадаги кескинлик ёнилғи нархларининг ўсишига сабаб бўлмоқда.

Германияда ёнилғи нархлари 2022 йилдан бери рекорд даражада қимматлади

Германияда ёнилғи нархлари март ойи бошидан яна жадал ўсишга ўтди. ADAC автомобил клуби маълумотларига кўра, мамлакатда энг арзон ҳисобланган E10 бензинининг ўртача нархи 9 март куни илк бор 2022 йил май ойидан бери литри учун 2 евродан ошиб кетди. Бир сутка ичида бензин нархи 4,4 центга ошиб, литри 2,028 еврони ташкил этди.

Дизел нархи

Дизел ёнилғиси нархи ҳам шунга ўхшаш суръатда кўтарилди. У 5,4 центга қимматлаб, литри 2,171 евро даражасига етди. Бу кўрсаткичлар Россиянинг Украинага қарши уруши бошланишидан олдинги нархлардан мос равишда 25 цент ва 42,5 центга юқори.

10 март куни эрталаб эса нархлар янада ошди. Соат 7:15 ҳолатига кўра, Германия бўйича E10 бензинининг ўртача нархи литри учун 2,095 еврони, дизел ёнилғисиники эса 2,237 еврони ташкил қилди. Бу кўрсаткичлар 9 мартнинг шу вақтига нисбатан анча юқори бўлган.

2022 йилги рекорд нархлар

Ҳозирги нархлар 2022 йил феврал ойида Россия Украинага бостириб кирганидан кейинги илк ойларда кузатилган даражага яқинлашмоқда. Аммо ўша пайтдаги тарихий рекордларга ҳали етганича йўқ. Масалан, 2022 йил 10 март куни дизел нархи литри учун 2,321 евро, 14 март куни эса E10 бензини 2,203 евро даражасига чиққан эди.

«Ракета ва пар» эффекти

Мутахассислар нархлар янада ошиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. ADAC вакиллари «ракета ва пар» эффекти хавфи борлигини айтмоқда. Бу ҳолатда нефт қимматлашиши истеъмолчиларга дарҳол таъсир қилади, аммо арзонлашиши ёнилғи нархларида секин акс этади.

Ёнилғи қуйиш шохобчалари эгалари бирлашмаси вакили Херберт Раблнинг таъкидлашича, нефт концернлари юқори нефт нархларини тезда ёнилғига қўшиб юбормоқда. У ҳатто келажакда бензин нархи литри учун 2,50 евро ва ундан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини айтди.

Шу билан бирга, Германия иқтисодиёт вазири Катарина Райхе ёнилғи нархларининг кескин ошиши бўйича текширув бошланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, картелларга қарши федерал идора эҳтимолий қонунбузарликларни ўрганмоқда.

Германия нефт импорт қилган мамлакатлар

Федерал статистика идораси маълумотларига кўра, Германия 2025 йилда импорт қилган нефтнинг тахминан 6 фоизигина Яқин Шарқ давлатларига тўғри келади. Мамлакат учун асосий нефт етказиб берувчи давлат Норвегия бўлиб, унинг улуши 16,6 фоизни ташкил этади. Иккинчи ўринда АҚШ, учинчи ўринда эса Ливия туради. Ўтган йили Германия жами 75,7 миллион тонна нефт импорт қилди, шундан 6,1 фоизи Яқин Шарқдаги тўрт давлат — Ироқ, БАА, Саудия Арабистони ва Исроил ҳиссасига тўғри келди. Минтақанинг бошқа давлатлари — Уммон, Қатар, Кувайт ва Эрон эса Германияга нефт етказиб бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Яқин Шарқдаги кескин вазият Европа Иттифоқида табиий газ нархи қарийб 90 фоизга ошишига сабаб бўлди.

Теглар

Мавзуга оид