Глобал «юмшоқ куч» индекси эълон қилинди: Ўзбекистон 92-ўринда

Мазкур индекс мамлакатларнинг ҳарбий ёки иқтисодий босимсиз, маданият, дипломатия ва халқаро обрў орқали таъсир ўтказиш имкониятини баҳолайди.

Глобал «юмшоқ куч» индекси эълон қилинди: Ўзбекистон 92-ўринда

«Global Soft Power Index 2026» халқаро рейтинги эълон қилинди. Унда дунё давлатларининг халқаро нуфузи, таъсир кучи ва глобал майдонидаги имиджи баҳоланди.

33

Тадқиқот натижаларига кўра, рейтингда АҚШ биринчи ўринни эгаллади. Мамлакат 74,9 балл тўплаб, глобал «юмшоқ куч» индекси бўйича етакчиликни сақлаб қолди.

Иккинчи ўринни 73,5 балл билан Хитой, учинчи ўринни эса 70,6 балл билан Япония эгаллади. Буюк Британия (69,2 балл) ва Германия (67,7 балл) рейтингнинг дастлабки бешлигидан жой олди.

Рейтингнинг кучли ўнталигига, шунингдек, Франция, Швейцария, Канада, Италия ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам кирган.

Марказий Осиё давлатлари

Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори натижани қайд этди. У 35,9 балл билан 82-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон рейтингда 34,5 балл билан 92-ўриндан жой олган. Шу билан бирга, Тожикистон 129-ўринни (31,0 балл), Туркманистон 138-ўринни (30,2 балл), Қирғизистон эса 142-ўринни (29,8 балл) банд этган.

Рейтинг қандай тузилади?

Ушбу рейтинг 100 дан ортиқ мамлакатдан 150 минг нафардан зиёд респондент иштирок этган глобал сўровнома натижаларига асосланади.

Экспертлар давлатларнинг халқаро танилганлиги, глобал обрўси ва таъсири каби кўрсаткичларни баҳолайди. Шунингдек, мамлакатнинг инвестициялар, савдо ҳамкорлиги, истеъдодли мутахассислар ва сайёҳларни жалб қилиш қобилияти ҳам инобатга олинади.

Жами ҳисобда рейтингда БМТга аъзо 193 та давлат иштирок этган.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур индекс мамлакатларнинг ҳарбий ёки иқтисодий босимсиз, маданият, дипломатия ва халқаро обрў орқали таъсир ўтказиш имкониятини баҳолайди.

Теглар

Мавзуга оид

Глобал «юмшоқ куч» индекси эълон қилинди: Ўзбекистон 92-ўринда | Vaqt.uz