«Google»: сунъий интеллектимизни «ўғирлашга» уринишди
Компания маълумотига кўра, номаълум шахслар «Gemini» моделини клонлашга ҳаракат қилган. Улар тизимга 100 мингдан ортиқ сўров юбориб, унинг ишлаш мантиғини ҳужум орқали қайта яратишга уринган, яъни моделни унинг ўз «API»си орқали нусхалашга ҳаракат қилинган.

«Google Threat Intelligence Group»нинг чораклик ҳисоботида номаълум шахслар «Gemini» моделини клонлашга ҳаракат қилгани маълум қилинди. «Google» буни интеллектуал мулк ўғирлиги деб атади.
«Google» нима деяпти?
«Google» таъкидлашича, бундай ҳаракатлар амалда интеллектуал мулкни ўғирлаш шакли ҳисобланади. Зарарли шахслар «Gemini»ни сўров қайси тилда берилган бўлса, шу тилда фикрий мазмуннинг лисоний хусусиятларини сақлаб қолишга мажбур қилишга уринган. Бу эса моделнинг турли тилларда ишлаш қобилиятини қайта яратишга ёрдам бериши мумкин эди.
Компанияга кўра, моделларни «чиқариб олиш» (model extraction) уринишлари дунё бўйлаб ҳам хусусий тузилмалар, ҳам тадқиқотчилар томонидан амалга оширилмоқда. Бу эса сервислардан фойдаланиш шартларини бузади ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Google» ёлғиз эмас
Модел ўғирлиги муаммоси фақат «Google»ни эмас, бошқаларни ҳам ташвишга солмоқда. «OpenAI» АҚШ қонун чиқарувчиларига «DeepSeek» гўёки етакчи америкалик сунъий интеллект моделларининг натижаларини яширин усуллар орқали қўлга киритиб, ўз тизимларини ўқитишда фойдаланганини маълум қилган.
Соҳа вакиллари тан олишича, моделларни «экстракция қилиш» янги турдаги кибертаҳдидга айланмоқда: энди ҳужумчилар инфратузилмани тўғридан тўғри бузиш ўрнига, катта харажатли илмий тадқиқотлар орқали яратилган билимларни нусхалашга ҳаракат қилмоқда.
Бундан ташқари, «Google» 2025 йил охирида «Gemini»дан Хитой, Эрон, Шимолий Корея ва Россияга алоқадор давлат гуруҳлари фойдаланган ҳолатларни қайд этганини билдирди.
Компания фикрича, сунъий интеллектни сервис сифатида тақдим этаётган ташкилотлар «API»га кириш намунасини синчковлик билан кузатиб бориши ва модел жавоблари устидан назоратни кучайтириши зарур. Чунки сунъий интеллект соҳасидаги таҳдидлар жуда тез суръатларда ривожланмоқда.





