
Green Card учун рўйхатдан ўтиш бошланганлиги ҳақидаги хабарлар рад этилди
«DV-2027 учун рўйхатдан ўтиш аллақачон бошлангани ҳақидаги ёлғон маълумотлар, шунингдек, ғолиб бўлиш имкониятингизни ошира олишини даъво қилувчи шахслар ва хизматлар ҳақида хабарлар тарқалган. Булар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейди элчихона.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2027-йилги Diversity Visa дастурига рўйхатдан ўтиш ҳали очилмаганини эълон қилиб, интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ёлғон маълумотлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Элчихона маълумотларига кўра, айрим шахслар ва хизматлар рўйхатдан ўтиш бошлангани ёки ғолиб бўлиш имкониятини оширишлари мумкинлигини даъво қилмоқда, бироқ бу иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди.
«DV-2027 учун рўйхатдан ўтиш муддатлари ва бу йилги ариза топшириш жараёнидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар аниқ бўлиши билан Давлат департаменти томонидан эълон қилинади», — дейилган хабарда.
Ҳар йили аризалар, одатда, октябр–ноябр ойларида қабул қилинар эди, бироқ бу йилги жараён қачон бошланиши ҳали белгиланмаган.
Сентябр ойида АҚШ Давлат департаменти Green Card лотереясида қатнашиш учун 1 долларлик йиғим жорий этиш таклифини муҳокамага қўйган эди. Мазкур ўзгариш лотерея жараёнини самарали ташкил этиш ва система орқали асоссиз аризалар сонини камайтириш мақсадида жорий этилгани таъкидланмоқда. Шу билан бирга, Давлат департаменти тўлов миқдори барча қатламдаги фуқаролар учун мутлақо арзон ва осон тўланадиган қилиб белгиланганини қайд этган.





