add

Гулистонда «Ўзбекистон – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» савдо ва саноат зонаси очилади

Бу бўйича президент топшириқ берди. Ташкил қилинадиган ушбу савдо ва саноат зонасида камида 5 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Гулистонда «Ўзбекистон – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» савдо ва саноат зонаси очилади

Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ва туман ҳокимлари саноат зонасига қўшиб берилган 1 минг гектарда камида 4 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаши муҳим экани кўрсатиб ўтилди.

Бунинг учун лойиҳаларнинг самарадорлигини ҳисоб-китоб қилиб, инвесторларга тақдимот қилиш учун Сирдарё, Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Ховос туманлари, Янгиер, Гулистон, Ширин шаҳарлари ҳокимларидан иборат делегацияни Хитойга юбориш топширилди.

Таъкидланишича, қурилиш материаллари бўйича Хитойнинг Сзянсу, Шандун ва Гуандун провинциялари, кимё саноатида Тянсзин шаҳри, электротехникада Фусзян, Ҳонконг, енгил саноатда Шандун ва Шинжон, фармацевтикада Шанхай, Сзянси ҳудудлари билан тўғридан тўғри ҳамкорлик ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Хитойнинг Синдао шаҳрида «Хитой – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» махсус иқтисодий пилот зонасидаги имтиёзлар, уларни қўллаш механизмлари, амалга оширилаётган лойиҳаларни пухта ўрганиб, Гулистон шаҳрида камида 5 минг иш ўринли «Ўзбекистон – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» савдо ва саноат зонасини ташкил қилиш топширилди.

Бу ердаги объектлар тайёр лойиҳа сифатида тадбиркорларга саноат ипотекаси ёки лизинг асосида тақдим этилади.

Шунингдек, Ҳонконг махсус административ раёни ҳам жуда катта инвестициявий ва молиявий имкониятларга эга экани таъкидланиб, мутасаддиларга Ҳонконгдаги йирик компанияларни Сирдарёга таклиф қилиш ҳамда инвестиция форумини ўтказиш, Сирдарё вилояти ва Ҳонконг ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Теглар

Мавзуга оид