Logo

Ҳафталик нархлар таҳлили : бозорда қайси маҳсулотлар нархи ўзгарди?

Бугун 18:486 дақиқа

Сабзавот ва мевалар нархлари арзонлаётган бир пайтда, гўшт нархлари бу ҳафтада деярли ўзгаришсиз қолди. Шу билан бирга, мол гўштининг энг юқори нархи Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилган бўлса, энг арзон нарх Қорақалпоғистонда кузатилди.

Ҳафталик нархлар таҳлили : бозорда қайси маҳсулотлар нархи ўзгарди?

«Narxtahlil.uz» платформасида эълон қилинган маълумотларга кўра, 1–8 июл кунлари озиқ-овқат маҳсулотлари нархида турлича ўзгаришлар кузатилди. Асосий истеъмол маҳсулотлари нархи барқарор сақланган бўлса, мавсумий маҳсулотларда янги ҳосил таъсирида арзонлашув давом этди.

Vaqt.uz 1 июлдан 8 июлгача бўлган даврда 15  асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ўзгаришларни таҳлил қилди.

Кундалик истеъмол маҳсулотлари

Ҳафта давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи нисбатан барқарор бўлди. Хусусан, пахта ёғи ва кунгабоқар ёғи нархи икки ҳафтадан бери ўзгармаган. Айни пайтда  пахта ёғининг ўртача нархи 20 минг 242 сўм, кунгабоқар ёғининг нархи эса 21 минг 466 сўмни ташкил этди.

Ун маҳсулотлари сегментида ҳам  нархлар ошмаган. Биринчи навли ун нархи 6 минг 326 сўм, олий навли ун нархи 9 минг 391 сўм даражасида ўзгаришсиз қолди. Бу асосий истеъмол маҳсулотлари бозорида барқарорлик сақланаётганини кўрсатади.

Гўшт маҳсулотлари  нархи ҳам ўзгаришсиз қолди. Ўтган ҳафта мол гўштининг нархи 0,1 фоизга арзонлаб 122 минг 627 сўмни ташкил қилган эди. Бу ҳафта мол гўштининг ўртача нархи 122 минг 617 сўмгача тушган бўлсада, амалда нархи ўзгармаган. Қўй гўшти нархи эса кетма-кет учинчи ҳафта ўзгармади. Яъни, 1 кг қўй гўшти нархи 133 минг 397 сўм бўлди.

Улгуржи бозорда нархлар пасайган бўлса-да, чакана савдода бу ўзгариш ҳали сезилмаяпти. Бу ҳолат чакана ва улгуржи бозор ўртасидаги тафовут сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, ташқи савдо кўрсаткичлари ҳам гўшт бозоридаги вазиятни акс эттирмоқда.

Маълумот учун, аввалроқ гўшт импорти 481,7 млн доллардан ошгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари орасида энг қиммат гўшт айнан Ўзбекистонда экани маълум қилинган.

Мош ва гуруч каби кундалик истеъмол маҳсулотлари нархи ошишда давом этмоқда. Мош нархида ҳам бироз пасайиш кузатилди. Бир ҳафта ичида унинг нархи 0,2 фоизга арзонлашиб, ўртача 19 минг 638 сўмни ташкил қилди. 

Бироқ тухум нархи жорий ҳафтада 0,5 фоизга пасайди. Унинг нархи 11 минг 324 сўмгача тушган. Товуқ гўшти нархи эса аксинча 0,2 фоизга қимматлаб 32 минг 063 сўмга етди. Ўтган ҳафта унинг нархи ўзгаришсиз қолганди.

Сут маҳсулотлари нархи деярли ҳар ҳафта турлича шаклланади. Масалан, жорий ҳафта бу маҳсулот 0,1 фоизга ошиб, 7 минг 776 сўмни ташкил қилди. Ўтган ҳафтада аксинча 0,2 фоизга тушганди. Шакар нархи эса 13 минг 147 сўмлигича қолди. Гуруч нархи 1,3 фоизга ўсиб, 14 минг 933 сўмга етди. Ушбу маҳсулот нархи ошишда давом этмоқда.

3

Сабзавотлар

Сабзавот бозорида мавсумий арзонлашув тенденцияси давом этди. Ўтган ҳафта бақлажон 12,7 фоизга арзонлашган бўлса, бу ҳафта ҳам унинг нархи яна тушиб 5,2 фоизга пасайди. Унинг ўртача нархи 5 минг 711 сўмни ташкил қилди. Бақлажон нархи ҳафта ичида энг кескин тушган маҳсулот сифатида қайд этилди.

Помидор ҳам бир ярим ҳафтадан бери пасаймоқда. Ҳафта давомида помидор 10,5 фоизга арзонлаб, 5 минг 190 сўмни ташкил қилди. Таққослаш учун, ўтган ҳафта ушбу маҳсулот нархи 13,4 фоизга тушган эди.

Бодринг жорий ҳафтада 14,5 фоизга қимматлаб, маҳсулотлар ичида энг юқори кўрсаткични қайд этди. Унинг ўртача нархи 6 минг 149 сўмга ошди. Ўтган ҳафтада бодринг 5 минг 369 сўмдан сотилганди. Шунингдек, бу ҳафта карам нархи кескин ошгани кузатилди. 1 кг карам 3 минг 794 сўмни ташкил қилиб, 2,7 фоизга ўсди. Ўтган ҳафтада карам 0,6 фоизга арзонлаб, 3 минг 693 сўмни ташкил қилганди.

Картошкада ҳам нархлар кетма-кет тушмоқда. 1 кг картошка нархи 1,5 фоизга пасайиб, 4 минг 520 сўмни ташкил этди. Пиёз нархи ҳам сезиларли даражада пасайган. Унинг ўртача нархи 2 минг 382 сўм ташкил қилиб, 0,2 фоизга тушган. Ўтган ҳафтада пиёз нархи 2 минг 271 сўмга етиб, 2 фоизга қимматлашган эди.

Сабзи нархи ўтган ҳафта қимматлаган бўлишига қарамай, бу ҳафтада унинг нархи ўзгаришсиз қолди. 1 кг сабзи 4 минг 370 сўм даражасида шаклланган.

Янги ҳосилнинг бозорга кўпроқ кириб келиши помидор, бақлажон, картошка ва булғор қалампири каби маҳсулотлар нархининг пасайишига хизмат қилмоқда. Бироқ бодринг ва карам нархининг ошгани айрим маҳсулотларда таклиф ҳажми ва мавсумий омиллар турлича шаклланаётганини кўрсатади.

2

Мевалар

Мевалар сегментида эса аксарият маҳсулотлар нархининг арзонлашуви кузатилди. Энг катта пасайиш узум нархида қайд этилиб, бир ҳафта ичида 3,1 фоизга арзонлади. Натижада 1 кг узумнинг ўртача қиймати 14 минг 677 сўмни ташкил қилди. Ушбу маҳсулот нархи бир ойдан бери тушмоқда.

Лимон ҳам кетма-кет учинчи ҳафта ўсишни қайд этди. Агар ўтган ҳафта маҳсулот 0,6 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта ўсиш 0,5 фоизни ташкил қилди ва нарх 50 минг 053 сўмга етди.

Олма ва нок маҳсулотлари нархларида ҳам пасайиш тенденцияси кузатилди. Хусусан, олма нархи ҳафта давомида 2 фоизга арзонлашиб, 13 минг 500 сўмга тушди.

Шунингдек, нок нархи ҳам арзонлашишда давом этмоқда. Унинг 1 кг нархи 19 минг 516 сўмни ташкил қилди. Бу нарх ўтган ҳафтага нисбатан 1,4 фоизга арзонлаган.

Умуман, мевалар бозорида нархларнинг пасайиш тенденцияси сақланиб қолаётган бўлса-да, лимон нархи ошишда давом этмоқда.

1

Ҳудудлар кесимида гўшт нархлари қандай?

1 июль ҳолатига кўра, мол гол гўшти нархи ҳудудлар кесимида турлича шаклланган. Республика кесимида ўртача нарх 123 минг сўм атрофида бўлса-да, айрим вилоятларда бу кўрсаткич сезиларли даражада юқори, айрим ҳудудларда эса нисбатан паст сақланмоқда. 

Hudud

01.07.2026

08.07.2026

O‘zgarish (%)

Qoraqalpog‘iston

109 512

109 749

+0,22%

Qashqadaryo viloyati

121 542

121 799

+0,21%

Xorazm viloyati

116 958

117 154

+0,17%

Sirdaryo viloyati

122 827

122 937

+0,09%

Toshkent shahri

131 414

131 498

+0,06%

Andijon viloyati

126 394

126 405

+0,01%

Navoiy viloyati

119 268

119 267

0,00%

Buxoro viloyati

118 628

118 612

-0,01%

Surxondaryo viloyati

126 118

126 096

-0,02%

Namangan viloyati

126 330

126 268

-0,05%

Toshkent viloyati

122 918

122 841

-0,06%

Farg‘ona viloyati

123 987

123 870

-0,09%

Jizzax viloyati

127 381

127 067

-0,25%

Samarqand viloyati

126 017

125 658

-0,28%

Мол гўшти нархи ҳудудлар кесимида сезиларли даражада фарқ қилмоқда. Хусусан, энг қиммат гўшт Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилди. Тошкент шаҳрида 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 131 минг 498 сўмни, Жиззах вилоятида эса 127 минг 067 сўмни ташкил қилди.

Аксинча, энг арзон мол гўшти Қорақалпоғистон Республикасида сотилмоқда. Бу ҳудудда 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 109 минг 749 сўмни ташкил этди. Қизиғи, Қорақалпоғистон бу ҳафтада мол гўшти нархи энг кўп ошган ҳудуд бўлди. Бир ҳафтада гўшт нархи 0,22 фоизга қимматлаган.

Шунингдек, Хоразм вилояти 117 минг 154 сўм ва Бухоро вилояти 118 минг 612 сўм билан нархлар нисбатан паст бўлган ҳудудлар қаторидан ўрин олди.

Ҳафта давомида мол гўшти нархлари ҳудудлар кесимида кескин ўзгармади. 14 та ҳудуддан 6 тасида нархлар бироз ошган, 8 тасида эса пасайган. Бироқ барча ҳудудларда ҳафталик ўзгариш 0,3 фоиздан ошмагани мол гўшти бозорида қисқа муддатда нархлар нисбатан барқарор бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Ҳафта якунига кўра, мол гўштининг энг юқори нархи Юнусобод туманида сақланиб, бир килоси 135  минг 682 сўмни ташкил қилди. Айни пайтда, энг катта арзонлашув Қуйичирчиқ туманида кузатилиб, нархлар 1,7 фоизга пасайди.

Шундай қилиб, энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги фарқ қарийб  21 минг 749 сўмни ташкил этди. Натижада, бир килограмм мол гўшти нархида ҳудудлар кесимида қарийб 20 фоизлик тафовут сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Жорий ҳафтада озиқ-овқат бозорида асосий истеъмол маҳсулотлари нархи деярли ўзгармади. Мавсумий маҳсулотларда эса қарама-қарши тенденция кузатилди, яъни янги ҳосил ҳисобига айрим мева ва сабзавотлар арзонлашишда давом этган бўлса, айрим маҳсулотларда қисқа муддатли нарх ўсиши қайд этилди. Моль гўшти нархлари умумий ҳисобда барқарор қолган бўлса-да, вилоятлар ўртасидаги нарх тафовути ҳануз сезиларли даражада сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 24 июндан 1 июлгача бўлган ҳолатидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳам таҳлил қилган эдик.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Мавзуга оид