Ҳаж сафарига юборишни ваъда қилган фирибгар ушланди
Наманганда фуқароларни Ҳаж зиёратига ноқонуний юбориш учун 6 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олинди
© DXX matbuot xizmatiЎзбекистонда фуқароларни муқаддас Ҳаж зиёратига юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати фош этилди. Тегишли идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда катта миқдорда пул талаб қилган шахс ушланди.
Наманган шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган шахс Чуст туманида истиқомат қилувчи тўрт нафар фуқарони «Ҳаж-2026» мавсумида Саудия Арабистонига юбориш эвазига жами 26 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс сўралган маблағнинг 6 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тергов жараёни
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ноқонуний ҳаж учун жавобгарлик
Эслатиб ўтамиз, Саудия Ички ишлар вазирлиги рухсатномасиз Ҳаж қилишга қарши қатъий жазо чораларини эълон қилган эди.
Хусусан, бундай қоидабузарлик учун тахминан 5300 доллар миқдорида жарима қўлланилади. Ноқонуний зиёратчиларга ёрдам берган шахсларга эса 26 минг долларгача жарима солинади. Бу жазолар 18 апрелдан 31 майгача амал қилади.
Бундан ташқари, ноқонуний зиёратчиларни ташиш, яшириш ёки уларга бошқа кўмак кўрсатиш ҳолатлари ҳам қаттиқ жазоланади. Бундай ҳолларда транспорт воситалари мусодара қилиниши мумкин.
Рухсатномасиз Ҳаж қилиш учун Маккага яширинча кирганлар ўз мамлакатларига депортация қилинади ва Саудия Арабистонига киришлари 10 йил муддатга тақиқланади.Расмийларга кўра, ўтган йилда 75 мингдан ортиқ қоидабузар ушланган.





