Ҳар куни ўзини қийнаб ишлаган раҳбарнинг туманида, боғчаси, мактаби, техникуми, олийгоҳида албатта ўзгариш ва натижа бўлади — Шавкат Мирзиёев

09.09.2025 | 13:475 дақиқа

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ҳар куни ўзини қийнаб ишлаган раҳбарнинг туманида, боғчаси, мактаби, техникуми, олийгоҳида албатта ўзгариш ва натижа бўлади — Шавкат Мирзиёев
Йиғилишда давлат раҳбари таълимнинг мамлакат ривожи учун асосий омил эканини яна бир бор таъкидлади.
«Иқтисодиёт ривожланиши, юртимиз ва фарзандларимиз келажаги фақат ва фақат таълим ва муаллимга боғлиқ. Сизлар билан иш бошлаган биринчи кундан айтаман: таълим, таълим, таълим, муаллим, муаллим, муаллим», – деди Президент.
Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш, боғча ва мактабларни қуриш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, четдан мутахассисларни жалб қилиш ҳамда янги дарслик ва ўқув дастурларини жорий этиш йўналишида қатор ишлар амалга оширилганини қайд этди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу жараёнлар изчил давом эттирилади. Шу билан бирга, Президент ҳар бир ҳоким ва таълим муассасалари раҳбарлари олдидаги масъулиятни алоҳида уқтирди. Унинг фикрича, одамлар фаровонлиги учун иқтисодиёт кучли бўлиши зарур ва бунинг учун янги товар, хизмат ҳамда технология зарур.
«Сифатли таълим тизими орқалигина буларга эриша оламиз. Бошқа йўлимиз йўқ. Шу ҳақиқатни англаб, ҳар куни ўзини қийнаб ишлаган раҳбарнинг туманида, боғчаси, мактаби, техникуми, олийгоҳида албатта ўзгариш ва натижа бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўқитувчилар маоши 10–12 миллион сўмга етди Президент Мирзиёев таълим соҳасида устама ва ислоҳотлар натижасида минг долларлик маош амалда таъминланаётганини билдирди. Таълим соҳасида охирги йилларда амалга оширилган ислоҳотларга тўхталиб, ўқитувчилар ойлигига 10 дан зиёд устамалар жорий этилганини таъкидлади.
«Эътибор беринг, бугун ўз устида ишлаган 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 10-12 миллион сўм маош оляпти. Бу қачон бўлган?» – деди Президент.
Жорий ойдан бошлаб мактаб директорлари, боғча мудиралари ва уларнинг ўринбосарлари ойлиги ҳам 10 миллион сўмдан ошди. Шу билан бирга, янги баҳолаш тизимига ўтган 1,5 минг мактабнинг 300 таси ижобий натижа кўрсатгани учун уларнинг бутун жамоасига 40 фоизгача устама белгиланди. Шавкат Мирзиёев йиғилишда ўқитувчилар ойлигини минг долларга етказиш ҳақидаги аввалги ваъдаларини эслатиб, бу мақсад сўнгги уч йилда амалга ошганини таъкидлади. Давлат раҳбари таълим тизимидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиши ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган чоралар кучайтирилишини билдирди.

Теглар

Мавзуга оид