Ҳавога учгaн 250 млрд доллар? — Сунъий интеллект нега кутилган натижани бермаяпти
Дунё корпорациялари сунъий интеллектга млрдлаб доллар тикмоқда, аммо меҳнат унумдорлиги ўсмаяпти. Иқтисодчилар буни 80-йиллардаги «Солоу парадокси»га қиёсламоқда. Хўш, муаммо нимада?
© about.fb.comСунъий интеллектнинг (СИ) оммавий жорий этилиши ҳозирча меҳнат унумдорлигининг кутилган ўсишига олиб келмаяпти. Иқтисодчилар бу ҳолатни 80-йиллардаги Роберт Солоу парадокси билан солиштирмоқда. Ўша пайтда компютерларнинг пайдо бўлиши ҳам узоқ вақт давомида на фойданинг ўсишига, на унумдорликнинг яхшиланишига таъсир қилмаган, аммо компьютерлаштириш учун улкан сармоялар киритилган эди, деб ёзмоқда «Fortune» нашри.
Нобел мукофоти лауреати, америкалик иқтисодчи Роберт Солоу ҳисоблаш техникасининг жадал ривожланишига қарамай, меҳнат самарадорлигининг тезкор ўсиши кузатилмаганлигини таъкидлаган эди. Аксинча, ўсиш суръатлари 1948–1973 йиллардаги 2,9 фоиздан 1973 йилдан кейин 1,1 фоизга тушиб кетган. Компютерлар ишни тезлаштириш ўрнига кўпинча ахборотнинг ҳаддан ташқари кўпайишига олиб келди, ҳисоботлар мураккаблашди, маълумотларни қайта ишлаш қийинлашди. Компютерларнинг реал иқтисодий самараси фақат ўнлаб йиллар ўтибгина намоён бўлди.
Тарих яна такрорланмоқда
Ҳозирги кунда сунъий интеллект атрофида ҳам худди шундай вазият юзага келди. Тўғри, у ҳақда кўп гапирилмоқда. Масалан, S&P 500 индексидаги 374 та корпорация ўз ҳисоботларида СИни тилга олган. Аммо макро даражада бунинг иқтисодий самараси деярли кўринмаяпти.
АҚШ Миллий иқтисодий тадқиқотлар бюроси (NBER) томонидан февраль ойида эълон қилинган тадқиқотда АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Австралиядан 6 минг нафар топ-менежер иштирок этди. Уларнинг учдан икки қисми СИдан фойдаланишини айтган бўлса-да, бунга ҳафтасига ўртача бор-йўғи 1,5 соат ажратиши маълум бўлди. Респондентларнинг чорак қисми СИдан умуман фойдаланмайди. Сўровда қатнашган компанияларнинг деярли 90 фоизи сўнгги уч йил ичида СИ на бандликка, на меҳнат унумдорлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганини билдирди.
Корпоратив инвестициялар ҳажми 2024 йилда 250 млрд доллардан ошди, бироқ амалда бу сармояларнинг таъсири макроиқтисодий кўрсаткичларда умуман акс этмади. Айрим тадқиқотлар СИ ходимларнинг унумдорлигини 40 фоизгача оширишини башорат қилган бўлса-да, реал маълумотлар анча камтар бўлиб чиқди.
Сент-Луис Федерал захира банкининг ҳисоботи ChatGPT жорий этилгандан бери СИ меҳнат унумдорлигини атиги 1,3 фоизга оширган бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Бошқа нуфузли тадқиқотлар бу кўрсаткични янада пастроқ — ўн йил ичида бор-йўғи 0,5 фоиз дея баҳоламоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу рақамлар индустрия ва техножурналистлар берган баландпарвоз ваъдалар олдида жуда ҳафсалани пир қиладиган даражада пастдир.
Нега СИ самара бермаяпти?
Бунинг асосий сабабларидан бири — одамларнинг технологияга бўлган ишончининг пасайиши ва ахборот юкининг ортиб кетишидир. Масалан, глобал тадқиқотлар шуни кўрсатдики, СИдан мунтазам фойдаланиш 13 фоизга ўсган бўлса-да, унга бўлган ишонч 18 фоизга тушиб кетган.
Бундан ташқари, экспертлар «Миянинг СИдан чарчаши» эффектини аниқлашди. Унга кўра, учтагача СИ воситасидан фойдаланиш унумдорликни оширади, лекин тўртта ва ундан ортиқ воситадан фойдаланганда респондентлар «миядаги туман»дан ва кичик хатоларга тез-тез йўл қўяётганликларидан шикоят қилишган.
Шунингдек, СИ самарасининг бир қисми иқтисодиёт учун «кўринмас» бўлиб қолаётган бўлиши ҳам мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, СИ кундалик вазифаларни (саёҳатни режалаштириш, харидлар қилиш) бажариш самарадорлигини кескин оширади, аммо одамлар тежалган вақтни қўшимча меҳнатга эмас, балки ўз дам олиш ва ҳордиқ чиқаришларига сарфламоқда.





