Самарқандда глобал наркотаҳдидларга қарши форум ўтказилади
Йирик халқаро тадбирда 50 га яқин давлат ва 20 дан ортиқ ташкилот иштирок этиши кутилмоқда.
© Getty Images / Pavel Tochinsky2026 йил 20–21 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш мавзусида глобал форум ўтказилади. Бу ҳақда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим халқаро майдон сифатида баҳоланмоқда.
Форум доирасида наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш самарадорлигини ошириш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек замонавий таҳдидларга қарши комплекс ёндашувларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинади. Шу билан бирга, давлатлараро ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Интерпол, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда Жаҳон божхона ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, 50 га яқин давлатдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва 500 га яқин экспертлар қатнашади.
Форум доирасида ёшлар саммити ҳам ташкил этилиб, унда гиёҳвандликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшларнинг глобал муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини ошириш масалалари муҳокама қилинади.





