Нефт захираларининг тугаш хавфи: АҚШ ва Хитой хавфсиз, аммо бошқаларни ёқилғи коллапси кутмоқда

Bugun 12:185 daqiqa

Стратегик захиралар бугунги куннинг энг қимматли ресурсига айланди. Қуйида дунё мамлакатларининг кутилмаган энергия қамалига қанчалик бардош бера олиши ва кимлар биринчи бўлиб жарликка қулаши эҳтимоли ҳақида ўқишингиз мумкин.

Нефт захираларининг тугаш хавфи: АҚШ ва Хитой хавфсиз, аммо бошқаларни ёқилғи коллапси кутмоқда © en.apa.az

Уруш бошланишидан аввал Ҳўрмуз бўғози орқали ҳар куни 20 миллион баррел хом нефт ва қайта ишланган нефт маҳсулотларини ташувчи 40 та танкер ўтар эди. Жорий ҳафтада Эрон бўғоз орқали фақат саноқли кемаларга, хусусан, Ҳиндистон ва Хитой байроғи остидаги танкерларнинг ўтишига рухсат берди.

Нефт таъминотидаги узилишлар ва ёқилғи тақчиллиги кескинлашиб бораётган бир пайтда, қайси давлатларнинг захиралари биринчи бўлиб тугаши мумкин?

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, айни пайтда бўғоз орқали ўтаётган нефт ҳажми Эроннинг измида бўлиб, кунига ўртача 500 минг баррелни ташкил этмоқда.

Қизиғи шундаки, тўпланиб қолган нефтнинг асосий қисми ҳамон бозорга чиқарилмоқда ёки ҳеч бўлмаганда захира омборларига йўналтирилмоқда. Саудия Арабистони аввалдан режалаштирилган ва кенгайтирилган «Шарқ — Ғарб» қувуридан фойдаланишга ўтди. Ушбу қувур Қизил денгиздаги Янбу портига кунига 7 миллион баррел нефт етказиб бериш учун тўла қувват билан ишламоқда.

Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам бўғозни четлаб ўтиб, қувур орқали Фужайра портига нефтнинг бир қисмини етказиб беришга муваффақ бўлди. Бироқ хабарларга кўра, Эрон ушбу инфратузилмага ҳам ҳужум уюштирган.

Таҳлилчилар Форс кўрфазида нефт қазиб олиш ҳажми кунига 6,7 миллион баррелга қисқарганини қайд этмоқда. «Energy Aspects» компаниясининг тахминларига кўра, Ҳўрмуз бўғозидаги вазият туфайли юзага келган узилишлар ўзининг чўққисида кунига 10 миллион баррелга етади. Оқибатда «ОПЕК»нинг нефт қазиб олиш умумий ҳажми кунига 7 миллион баррелга камайиб, 22,3 миллион баррелни ташкил этади. Бу дунёдаги кунлик 100 миллион барреллик нефт истеъмолининг 7 фоизи демакдир.

Америка Қўшма Штатлари дунёдаги энг йирик нефт ва табиий газ ишлаб чиқарувчиси сифатида таъминотдаги муаммолардан маълум даражада ҳимояланган. Мамлакатда бензин ва дизел ёқилғиси нархлари кескин кўтарилиши мумкин, бироқ ёқилғининг мутлақо тугаб қолиш эҳтимоли жуда паст.

Бошқа давлатларда эса бундай хотиржамликка ўрин йўқ. «SocGen» хом ашё бозорлари таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, Мьянма, Вьетнам ва Филиппин ўзига керакли нефтнинг 80 фоиздан ортиғини Ҳўрмуз бўғози орқали ўтувчи танкерлар ҳисобидан қоплайди. Ушбу мамлакатлар захираларидаги нефт фақат бир ойга етади, холос; шундан сўнг улар ё ёқилғисиз қолади, ёки зудлик билан муқобил таъминот йўлларини топишга мажбур бўлади.

Одатда Ҳўрмуз орқали кунига 680 минг баррел нефт қабул қилувчи Сингапурда ҳам вазият анча кескин — у ердаги захиралар атиги 40 кунга етади. Ҳўрмуздан кунига 400 минг баррел нефт оладиган Таиланднинг аҳволи бироз яхшироқ бўлиб, унинг захираси 50 кунга етади.  

Кунига 525 минг баррел нефт импорт қилувчи Тайван захиралари тахминан 100 кунга етиши мумкин. Бангладешда ҳам вазият шунга ўхшаш — захиралар 100 кунга мўлжалланган. Бироқ у ерда аллақачон ёқилғи чекловлари жорий этилиб, минерал ўғит ишлаб чиқарувчи заводлар фаолияти тўхтатилган. Тўғри, Бангладеш у қадар кўп хом нефт импорт қилмайди, лекин келтириладиган ёқилғининг деярли барчаси Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади.

Йирик давлатларда танлов имконияти кенгроқ. Жанубий Корея кунига тахминан 3 миллион баррел нефт импорт қилади, шундан 2 миллиони Ҳўрмуз бўғози орқали келади. Мамлакат захиралари импорт бутунлай тўхтаган тақдирда 50 кунга, фақат Ҳўрмуз орқали келадиган таъминот узилса, 70 кунга етади. Ҳиндистонда ҳам вазият шунга ўхшаш: мамлакатнинг кунлик 5 миллион барреллик эҳтиёжини қондириш учун 175 миллион барреллик стратегик нефт захираси мавжуд. Ушбу эҳтиёжнинг 45 фоизи Ҳўрмуз орқали қопланади. Индонезия Ҳўрмуз бўғозининг ёпилишига 160 кун давомида бардош бера оладиган ресурсларга эга. Катта стратегик захиралари бор Япония эса Ҳўрмуз орқали келадиган юкларсиз 200 кун атрофида жон сақлай олади.    

Ажабланарлиси шундаки, Хитой Ҳўрмуз орқали таъминот тўхтаган тақдирда 300 кунга, импорт бутунлай узилганда эса 100 кундан ортиқ вақтга чидаши мумкин. Бунга мамлакатнинг 1,3 миллиард барреллик стратегик нефт захираси имкон беради. Ваҳоланки, Хитой импорт қиладиган кунлик 11 миллион баррел нефтнинг 45 фоизи айнан шу бўғоз орқали ўтади.

 «Хитой Яқин Шарққа қарамликни онгли равишда 50 фоиз атрофида чеклаб қўйди ва нефт манбаларини диверсификация қилиш, қувур орқали газ етказиб бериш, ички ишлаб чиқариш ҳамда йирик захиралар ҳисобига кучли «ҳимоя қатлами»ни яратди», — дейди «Jefferies» таҳлилчиси Ллойд Берн.

Хўш, бу давлатлар юзага келган эҳтиёжни қандай қоплайди?

Халқаро энергетика агентлиги келгуси бир неча ой ичида захирадан 400 миллион баррел нефт чиқариш орқали вазиятни бироз бўлса-да юмшатишни режалаштирмоқда. Аммо бунинг ўзи камомадни тўлдира олмайди, аксинча, муаммони вақтинча кечиктиради, холос (чунки ишлатилган захираларни барибир қайта тўлдиришга тўғри келади).

Истеъмол талабини камайтириш ҳам маълум даражада ёрдам бериши мумкин. Масалан, Виетнамда аҳолига масофадан ишлаш тавсия этилди. Таиландда эса лифт ўрнига зинапоядан фойдаланиш бўйича давлат хизматчиларига кўрсатма берилди. Шри-Ланка ҳукумати тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий қилди.

Янада самаралироқ йўл — энергия манбаларини диверсификация қилиш. Жанубий Корея кўмирда ишловчи электр станцияларидан босқичма-босқич воз кечиш режасини вақтинча тўхтатди ва эҳтиёжни қоплаш учун ядровий реакторлар қувватини оширишга қарор қилди.

Хитой ҳам кўмирдан фойдаланиш ҳажмини ошириш учун етарли имкониятларга эга. «Bernstein Research» тадқиқот маркази маълумотларига кўра, Хитойнинг кўмир станциялари ҳозирда ўз салоҳиятининг атиги ярми даражасида ишламоқда. Қолаверса, Хитой шамол ва қуёш энергиясини фаол ривожлантиряпти: жорий йилда қайта тикланувчи манбалардан олинадиган энергия ҳажми тахминан 500 тераватт-соатга кўпаяди. Бу жуда муҳим бурилиш нуқтаси. Сабаби, Хитой энергияга бўлган талабнинг ўсиш суръатидан ҳам кўпроқ қайта тикланувчи қувватларни ишга туширмоқда. Бу эса Ҳўрмуз бўғозидаги чекловлар туфайли етказиб берилмаётган нефт ва суюлтирилган табиий газ ўрнини босишга катта ёрдам беради.

Вақт ўтиши билан вазият юмшайди. «Energy Aspects» консалтинг компанияси экспертларининг фикрича, агар Ҳўрмуз бўғози АҚШга алоқадор танкерлар учун ёпилиб қолган тақдирда ҳам, Эрон йил охиригача кунига 3 миллион баррел нефт экспорт қилиш даражасига қайтиши мумкин. Кейинги 18 ой ичида эса Венесуэла қазиб олиш ҳажмини кунига 1 миллион баррелга ошириб, умумий кўрсаткични 1,3 миллион баррелга етказиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, АҚШда нефт қазиб олувчилар тўхтатиб қўйилган бурғилаш қурилмаларини қайта ишга тушира бошлади. Ўтган ҳафтада 2 та янги қурилма қўшилиши билан уларнинг умумий сони 553 тага етди. Гарчи бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 тага кам бўлса-да, ўсиш борлиги аниқ. Ҳозирда кунига рекорд даражада — 13,6 миллион баррел нефт қазиб олаётган Америка компаниялари йил охиригача бу кўрсаткични 14 миллионга етказиши кутилмоқда.

 

Teglar

Mavzuga oid