Кадастрдан сертификатгача. Энди ўқитувчиларга айрим давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоиз чегирма берилади

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига педагогларга чегирмалар беришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Кадастрдан сертификатгача. Энди ўқитувчиларга айрим давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоиз чегирма берилади © Фото: «Yoshlar – kelajagimiz» jamg‘armasi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 16-апрелдаги 175-сон қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган қўшимчаларга кўра, таълим ташкилотида меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи педагог шахслар учун қуйидаги давлат хизматлари нархи хизматлар умумий қийматининг 50 фоизини ташкил қилиши белгиланди:

*кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари;

*муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари;

*умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш бўйича давлат хизматлари;

*тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топширишга рухсат бериш бйўича давлат хизматлари;

*расмий ҳужжатларга апостил қўйиш бўйича давлат хизматлари ва бошқалар.

Директор ва директор ўринбосарлари учун ўқув курслари

Шунингдек, киритилган қўшимчаларга кўра, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директор ва директор ўринбосарлари 5 йилда 1 маротаба ишдан ажралган ҳолда, Маданият вазирлиги томонидан ташкил қилинадиган менежерлик ўқув курсларида ўқитилиши белгиланди.

Бундан ташқари, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлардаги ўқувчиларни ўқишдан четлаштириш, бошқа йўналишга ўтказиш ва ўқувчилар ўқишини кўчириш тартиби белгиланди.

Teglar

Mavzuga oid