«Ўзбекнефтгаз» футбол клубларига ёрдамни тугатди

Bugun 17:472 daqiqa

«Ўзбекнефтгаз» 1-январдан бошлаб футбол клубларини молиялаштиришни тўлиқ тўхтатди – аввал бу мақсадга йилига 200–300 млрд сўм ажратилар эди.

«Ўзбекнефтгаз» футбол клубларига ёрдамни тугатди

«Ўзбекнефтгаз» аксиядорлик жамияти 3 та футбол клубига йилига 200-300 миллиард сўм атрофида маблағ ажратар эди. 1-январдан бу бирданига тўхтатилди. Бу ҳақда бугун, 20-апрел куни АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев матбуот анжуманида маълум қилди.

«Бизларда охирги марта шу 33-сонли президент қарори чиққанида, шу ҳомийлик маблағларини тўхтатиш борасида топшириқ берилган. Бу шу пайтгача футбол клублари ҳомийлик маблағлари сифатида молиялаштириб келинган. 1-январдан босқичма-босқич эмас, бирданига тўхтатилди. Ҳозирда ҳеч қандай бирон-та футбол клуб бизлар томонидан молиялаштирилмаяпти», – деди у.

Суҳроб Ҳамроев, шунингдек, ҳукумат буни инобатга олган ҳолда, футболни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилганини, унга кщра, Суперлигада қатнашаётган ташкилотларга ҳар биттасига 35 миллиарддан маблағ ажратиш бўйича давлат ўзи алоҳида жамғарма қилиб, уларни молиялаштириш ишларини олиб бораётганини айтди.

«Бизнинг жамият томонидан ҳеч қандай футболга молиялаштириш амалга оширилмаяпти», – дея таъкидлади Ҳамроев.

VAQT.UZ журналисти Илёс Сафаров эса шу пайтгача «Ўзбекнефтгаз» томонидан футбол клубларига бериб келинган маблағ билан ҳозир ажратилаётган 35 миллиарднинг ўртасида қанчалик фарқ борлигини сўради.

«Шу 200-300 миллиард атрофида бўлган. 200-300 миллиард атрофида бир йилга шу учта-тўртта футбол клубимизга ажратилган», – деди «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев.

Кейинги йилларда давлат молиялаштириш босқичлари

Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026-йил 24-мартдаги «Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, кейинги йилларда футбол клубларини давлат молиялаштириши босқичма-босқич камайтирилади. Жумладан, 2027-йилда ҳар бир клубга 30 миллиард сўм, 2028-йилда эса 25 миллиард сўмдан ажратилиши белгиланган. Бу эса клубларни мустақил даромад манбаларига ўтишга ундашни мақсад қилади.

Қарор доирасида футбол инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳам қўшимча имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, клубларни сотиб олиш ёки спорт объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 5 йиллик кредитлар ажратилади. Ушбу кредитлар 14 фоиз ставкада ва 1 йиллик имтиёзли давр билан берилади.

Молиявий ислоҳотлар доирасида солиқ имтиёзлари ҳам жорий этилди. Энди Суперлига ва Пролига клубларида жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади, ижтимоий солиқ эса 1 фоиз этиб белгиланади. Бу қарор клублар харажатларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Спорт вазирлиги қошида махсус жамғарма ташкил этилиб, 2026-йилда унга 700 миллиард сўм ажратилади. Ушбу жамғарма орқали соҳадаги янги ташаббуслар молиялаштирилади.

Teglar

Mavzuga oid