Қизириқ тумани ва Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади

Мазкур масала юзасидан қарор лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланган.

Қизириқ тумани ва Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади

Қонунчилик палатасининг 21 апрелдаги йиғилишида депутатлар Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани ва Навоий вилояти Зарафшон шаҳри ҳудудлари кенгайтириш масаласини кўриб чиқди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди.

Лойиҳага кўра, Жарқўрғон туманидан 4 740 гектар ер майдонини Қизириқ тумани таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда. Бу туманларни иқтисодий жиҳатдан бошқариш, 731 та оилада истиқомат қилувчи 4230 нафар аҳолининг турмуш шароитларини янада яхшилаш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга замин яратади. Қишлоқ хўжалиги, айниқса, чорвачиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, Қизириқ туманини ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришга хизмат қилади.

Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилган.

Зарафшон шаҳри таркиби

Шунингдек, чегараларга киритилаётган ўзгартиришлар билан Навоий вилояти Томди туманидан 2459 гектар ер майдони Зарафшон шаҳри таркибига ўтказилиши белгиланмоқда. Узоқ муддатли бизнес-режага асосан ҳудудда 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объекти, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этиш режалаштирилган.

Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, шунингдек, халқ депутатлари Зарафшон шаҳри ва Томди тумани Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.

Мазкур масалалар юзасидан қарор лойиҳалари депутатлар томонидан маъқулланди.

Teglar

Mavzuga oid