«Etihad Airways» Тошкентдан Абу Дабига парвозларни йўлга қўяди

Bugun 16:152 daqiqa

17 августдан «Etihad Airways» Тошкент ва Абу Даби ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйади.

«Etihad Airways» Тошкентдан Абу Дабига парвозларни йўлга қўяди © etihad.com

БАА миллий авиакомпанияси «Etihad Airways» Ўзбекистонга парвозларни тиклаш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, келишув транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳамда авиакомпаниянинг бош операцион директори Мажед Ал-Марзуки ўртасидаги учрашувда имзоланган. Томонлар икки давлат ўртасидаги авиаалоқалар ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган.

Музокаралар якунига кўра, 2026 йил 17 августдан Тошкент – Абу Даби – Тошкент йўналишида мунтазам рейслар йўлга қўйилади. Бу орқали икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар қайта тикланади.

Бошқа давлатларга чиқиш имконини яратади

Янги рейслар Ўзбекистондан саёҳат қилувчилар учун халқаро парвоз имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Хусусан, Абу Даби орқали транзит йўловчилар Европa, Осиё, Австралия, Африка ва Шимолий Америкадаги кўплаб йўналишларга чиқиш имконига эга бўлади.

Авиакомпания маълумотига кўра, ушбу хаб орқали 70 дан ортиқ халқаро манзилга қулай уланишлар таклиф этилади. Бу эса Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги туризм, бизнес ва инвестиция алоқаларини янада фаоллаштириши кутилмоқда.

Шунингдек, томонлар келгусида рейслар географиясини босқичма-босқич кенгайтириш имкониятларини ҳам кўриб чиққан. Бу эса икки давлат ўртасидаги транспорт ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2025-йил июл ойида «Etihad Airways» 2026 йил март ойидан Тошкент (Ўзбекистон), Олмаота (Қозоғистон), Тбилиси (Гуржистон), Боку (Озарбойжон), Ереван (Арманистон), Бухарест (Руминия) ва Мадина (Саудия Арабистони) йўналишида парвозларни йўлга қўйишини маълум қилган. Бу шаҳарлар ўзининг маданий бойлиги, сайёҳлик салоҳияти ва парвозларга бўлган тобора ортиб бораётган талаб билан танланган.

Кейинчалик, октабр ойида Etihad Airways Абу-Даби—Тошкент йўналиши бўйича парвозларни 2026 йил март ойидан ҳафтасига олти марта амалга оширилишини маълум қилган.

Teglar

Mavzuga oid

«Etihad Airways» Тошкентдан Абу Дабига парвозларни йўлга қўяди | Vaqt.uz