Ҳиндистон фуқаролари 8 давлат визаси билан Ўзбекистонга визасиз кира олади
1-сентябрдан Ҳиндистон фуқаролари Австралия, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Жанубий Корея, Шенген давлатлари, Янги Зеландия ёки Япониянинг кўп марталик бизнес ёки туризм визасига эга бўлса, Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз кириши мумкин.

2026-йил 1-сентябрдан Ҳиндистон фуқаролари Австралия, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Корея Республикаси, Шенген давлатлари, Янги Зеландия ёки Япониянинг амалдаги кўп марталик бизнес ёки туризм визасига эга бўлса, Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз кириши мумкин. Бу ҳақда Президентнинг 2026-йил 29-августдаги ПФ-180-сон фармони билан белгиланган.
Қайд этилишича, визасиз режимдан фойдаланиш учун фуқаро ўз мамлакатига ёки учинчи давлатга учиш учун авиачипта ҳам тақдим этиши керак.
Визасиз режим фуқаронинг хорижий визаси амал қиладиган даврда қўлланади. Ўзбекистонга кирган кундан бошлаб мамлакатда 30 кунгача бўлиши мумкин.
Шунинг учун Ҳиндистон фуқароси юқорида кўрсатилган давлатлардан бирининг амалдаги кўп марталик бизнес ёки туризм визасига эга бўлиши шарт.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 30 кунлик визасиз режим жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.





